ResearcherUz LogoResearcherUz
저널 보기

ИНГЛИЗ ВА ЎЗБЕК ХАЛҚ “ЗАМОНАВИЙ АФСОНАЛАР”И ТИПОЛОГИЯСИ

초록

Ушбу мақолада Америка “шаҳар афсоналари”нинг (городская легенда, Urbun legend) ўрганилиши, шаклланиш жараёнлари, постфольклор  маданиятидаги ўрни, турли модификацияларининг юзага келиши ҳақида сўз боради. Шунингдек, мақолада Америка “шаҳар афсоналари”ни ўрганиш асносида рус халқ “замонавий/ шаҳар афсоналари”, Москва “шаҳар афсоналари” борасидаги тадқиқотларга суянган ҳолда ўзбек фольклорида ҳам ушбу жанрнинг постфольклор жараёнларида ҳам яшаб келаётгани, турли модификацияларининг шаклланаётгани асосланган.


전체 PDF 문서

관련 논문

전문

К.АБДУРАШИДОВА,

АДУ 1-курс докторанти

АННОТАЦИЯ

Ушбу мақолада Америка “шаҳар афсоналари”нинг (городская легенда, Urbun legend) ўрганилиши, шаклланиш жараёнлари, постфольклор маданиятидаги ўрни, турли модификацияларининг юзага келиши ҳақида сўз боради. Шунингдек, мақолада Америка “шаҳар афсоналари”ни ўрганиш асносида рус халқ “замонавий/ шаҳар афсоналари”, Москва “шаҳар афсоналари” борасидаги тадқиқотларга суянган ҳолда ўзбек фольклорида ҳам ушбу жанрнинг постфольклор жараёнларида ҳам яшаб келаётгани, турли модификацияларининг шаклланаётгани асосланган.

Калит сўзлар: постфольклор маданияти, анъанавий афсона жанри, трансформация, эвольюция, замонавий афсона, шаҳар афсоналари, интернет шаҳар афсоналари, мифологик баён, мобиллик, электрон ахборот, модификациялар.

АННОТАЦИЯ

Данная статья посвящена изучению американских «городских легенд» (городская легенда), процессам их формирования, месту в постфолк-культуре, возникновению различных модификаций. Также в статье при изучении американских «городских легенд» на основе исследования русских народных «современных/городских легенд», московских «городских легенд» исходит из того, что этот жанр живет в узбекском фольклоре и в постфольклорных процессах формируются и различные модификации.

Ключевые слова: постфолкорная культура, жанр традиционного мифа, трансформация, эволюция, современный миф, городские легенды, городские легенды из интернета, мифологическое повествование, мобильность, электронная информация, модификации.

ANNOTATION

This article is devoted to the study of American "urban legends", the processes of their formation, their place in post-folk culture, the emergence of various modifications. Also in the article, when studying American "urban legends" based on the study of Russian folk "modern / urban legends", Moscow "urban legends", it proceeds from the fact that this genre lives in Uzbek folklore and various modifications are formed in post-folklore processes.

Keywords:

post-folk culture, genre of traditional myth, transformation, evolution, modern myth, urban legends, urban legends from the Internet, mythological narration, mobility, electronic information, modifications.

Анъанавий афсона жанридаги ўзгаришлар, “замонавий/шаҳар афсоналари”нинг шаклланиши масалаларни ўрганиш Америка фольклоршунослигида ўтган асрнинг иккинчи ярмидан, аниқроғи 1965-80- йиллардан бошланган эди. Бу борада Дeг Л., Чристиансeн Р., Cранe Б., Бутлeр Г.Р., Бранванд Я.Г., Брайce Ҳ.Ж., Бредних Л.В., Бeннeт Г., Бучан Д., Дорсон Р.М., Финe Г.А. , Фиeрй А., Дуҳл Л.Ж., Ҳалпeрт Ҳ. Гeоргe Р.А., Гeнгe Н., Флeминг Р.Л., Бойд Р.Ф, Жансeн В.Ҳ, Жасон Ҳ., МcCоннeлл Б., Волф-Кнатс У, Тангҳeрлини Р.Т., Виртанен Л. каби олимларнинг ишларида Америка “шаҳар афсоналари”нинг шаклланиши, ўзига хос хусусиятлари, бошқа фольклор жанрлари тизимида тутган ўрни ҳақида илмий қарашлар илгари сурилган. Сўнг “шаҳар афсоналари” – Urbun legendларни тўплаш, уларни нашр этиш, индекслари ва каталогларини тузиш ишлари амалга оширилган[5]. Америкалик олим Я.Г.Брандванднинг “янги/шаҳар афсоналари – Urbun legend” ларни тўплаш, индекс кўрсаткичини яратиш бўйича қилган ишлари бу борада амалга оширилган аҳамиятли ишлардан биридир. Унинг бир қанча асарларида “шаҳар афсоналари – Urbun legend” лар ҳақида қимматли маълумотлар берилган [2]. Россияда ҳам “шаҳар/ замонавий афсоналар” ҳақидаги назарий қарашлар шаклланди ва уларни тўплаш, тартиблаштириш, таснифлаш каби масалалар ривожланди [3;5;6;7;11]. Ўзбек фольклоршунослигида афсона жанри дейилганда фақат анъанавий афсоналар назарда тутилган ва бу борада К.Имомов[8], У.Жуманазаров [9], М.Жўраев[10], Ш.Турдимов[15], М.Раҳмонова[12], М. Ризоева [14], А.М. Бакимбетов [1] каби олимларнинг салмоқли тадқиқотлари мавжуд. Бироқ ўзбек фольклоршунослигида “шаҳар”, “янги” “замонавий” афсоналар каби терминлар ишлатилмаган ва бирор-бир тадқиқот объекти бўлмаган. Шунга қарамай, ўзбек фольклоршунослигида ўзбек фольклори эпик жанрларининг постфольклор жараёнларидаги ҳолати ва функционал хусусиятлари Б.Раҳмонов томонидан ўрганилган. Ушбу тадқиқотда эртак, достон, ривоят каби бошқа эпик жанрлар қаторида афсона жанрининг ҳам постфольклор шароитидаги ҳолати ҳақида фикрлар мавжуд. Фольклоршунос олим Б.Раҳмонов ўз тадқиқотида “Барқарор поэтик шаклга эга эмаслик, фабулатик баённинг кучлилиги, ташбеҳу эпитетларнинг учрамаслиги афсона жанрига хос хусусият ҳисобланади. Реал воқелик эса юқорида кўрсатилган афсонага хос мезонларнинг бирортасига ҳам мос келмайди. Мана шу нарсанинг ўзи кўрсатиб турибдики, ҳозир афсона жанрининг янги воқелик асосида яратилиши мумкин эмас. Чунки бугунги инсон, унинг ҳатти-ҳаракати ва руҳий кечинмалари афсонага хос муболағали фантастика доирасига тўғри келмайди. Демак, афсона жанрининг ҳозирги аҳволи янгидан яратилиши билан эмас, балки илгари замонларда яратилган асарларни ижро этиш билан чегараланади”[13,179]–дейди. Шунингдек, олим афсона жанрини пост- фольклор жараёнларида сўнган, яъни яратилишдан тўхтаган жанрлар сирасига киритади. Бироқ Америка ва рус постфольклор жараёнларида анъанавий афсона жанри трансформацияси ва эвольюцияси натижасида юзага келган “янги” (new), “шаҳар”(городской), “замонавий” (modern) афсоналар тадқиқи бундай афсоналар ўзбек постфольклорида ҳам мавжуд эканлигини кўрсатади. Юқоридаги Америка ва рус фольклоршунослигидаги назарийметодологик ишларга асосланиб айтиш мумкинки, анъанавий афсона жанри яратилишдан тўхтаган бўлса ҳам, замонавий воқелик, замонавий макон ва замон (хроноп), шунингдек замонавий шартлар асосидаги мифологик тафаккур ва хаёлий уйдирмага асосланган “замонавий” афсоналар мавжуд. Бизнинг вазифамиз эса инглиз ва ўзбек халқ “замонавий афсона”ларининг специфик белгилари, типологик ва дифференциал хусусиятларини ёритишдан иборат.

Америка фольклорида ўтган асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб, “Urbun legend” (шаҳар, городской) термини ишлатила бошлади ва бундай афсоналар турли олимлар томонидан “янги” (new), “замонавий” (modern) афсоналар дея қўлланиб келинди. “Urbun legend” (шаҳар, городской) – фольклорга хос термин бўлиб, анъанавий афсоналар замирида ўсиб чиққан, замонавий воқелик, замонавий макон ва замон (хроноп), шунингдек замонавий шартлар асосидаги мифологик тафаккур ва хаёлий уйдирмага, оғзаки фабулатик баёнга асосланган фольклор жанридир. “Замонавий афсоналар” гарчи турли адабиётларда турли номлар билан кўлланса-да, биз замонавий воқелик асосидаги хаёлий уйдирмага асосланган бундай афсоналарни “замонавий афсоналар” деб аташни лозим топдик. Сабаби Америка, Буюк Британия ва Россиядаги “Urbun legend” (шаҳар, городской)да замонавий воқеликдаги хаёлий уйдирмага асосланган воқеалар шаҳар ҳаёти билан боғлиқ бўлгани боис шундай номланган. Шунингдек, бундай афсоналар янги воқелик баёнига асосланган учун “янги” (new), замонавий макон ва замон билан боғлиқлиги боис “замонавий” (modern) афсоналар деб ҳам юритилган. Бироқ ўзбек постфольклори жараёнларида шаклланган бундай афсоналар фақат шаҳар ҳаёти билан боғлиқ бўлмай, уларда қишлоқ ва турли маконлар билан боғлиқ замонавий воқеликдаги воқеалар баёни ҳам учрайди. Шу боис янги, шаҳар атрибутларидан кўра “замонавий” сўзи бундай афсоналар моҳиятини тўлиқроқ қамраб олади.

Левская Ю.С. “Постфольклор маданияти контекстида Америка шаҳар афсонаси” номли номзолик диссертациясида “шаҳар афсоналари (городская легенда, Urbun legend)” термини америкалик фольклоршунос Я.Г.Брандванд томонидан ишлатилганлигини, “шаҳар афсоналари” да маълум бир одам билан маълум бир аниқ шароитда юз берган воқелик тарихи баёни берилишини, бундай воқелик тарихи тематикаси замонавий шаҳар ёки шаҳар атрофида юз берган воқеа-ҳодисаларга кўра белгиланишини айтиб ўтади. Шаҳар афсоналарининг пайдо бўлиши ва яратилишини олима қуйидаги омиллар билан боғлайди: “Тарихдан яқин пайтларгача анъанавий халқ оғзаки ижодини тадқиқи учун асосан қишлоқларда сақланиб қолган фольклор материаллари жалб қилинган. Аммо анъанавий фольклор жанрларининг яратилишидан тўхташи ва сўниши натижасида фольклор асарлари тадқиқи учун объект сифатида анъанавий қишлоқ фольклорига хос бўлмаган матнлар олина бошлади. Маданийлашиш жараёнларининг ривожланиши натижасида шаҳарларда оғзаки ва ёзма шаклдаги матнлар – “шаҳар афсоналари (городская легенда)” замонавий жамиятда ўса бошлаган мобиллик ва электрон ахборот орқали тарқала бошлади.” [7, 3-4] Шунингдек, олима ўз тадқиқотида анъанавий халқ оғзаки ижоди билан алоқаларини тўлиқ узмаган, бироқ постьфолклор маданиятининг бир қисми сифатида олинаётган модификацияланган бундай жанрлар кўплаб тадқиқотчиларнинг эътиборини тортаётганлигини, “шаҳар афсоналари (городская легенда)” номи билан келган жанр фақат бир маданиятга тегишли бўлмай, Россия, Америка, Буюк Британия, Германия, Финляндия, Швеция каби давлатлар фольклори материалларида учрашини айтиб ўтади.

М.В. Никитин эса шаҳар афсоналари сценарийларида “қўрқув” концепти реализацияларини ўрганиш жараёнида шаҳар афсоналарини ўзига хос хусусиятларини, шаҳар афсоналарининг шаклланишида шаҳарнинг ўрни каби масалаларни ўрганишга ҳаракат қилади. Ушбу диссертация шаҳар афсоналарининг тил хусусиятларини ўрганишга бағишланган бўлиб, унда тадқиқотчи “замонавий/шаҳар” афсоналари анъанавий афсоналар трансформацияси ва мифологик тафаккурнинг замонавий шартлар асосида шаклланиши ҳамда афсона жанри эволюцияси натижасида юзага келганлигини таъкидлайди ҳамда шаҳар афсоналарининг ривожланиши натижасида “интернет шаҳар афсоналари” пайдо бўлганлигига таъкидлайди [6, 3].

“Замонавий афсоналар” анъанавий афсоналар трансформацияси натижасида пайдо бўлган экан, уни анъанавий афсоналар каби фольклорнинг мустақил жанри сифатида қабул қила оламизми деган савол туғилади. Албатта, “замонавий афсоналар” анъанавий афсоналарнинг постфольклор жараёнлари ҳосиласи сифатида юзага келган ва биз унга афсоналарнинг постфольклор жараёнларидаги кўриниши, тури сифатида ёндаша оламиз. Шунингдек, “замонавий афсоналар”нинг воқеликка муносабати, образлар тизими, макон ва замон категорияси, сюжет структурасига эгалигига [7, 8] асосланиб, уни фольклор жанри деб айта оламиз. Яъни “замонавий афсоналар” маросим билан боғлиқ бўлмаган фольклор жанри бўлиб, оғзаки баён ва ишончга асосланган, ахборот бериш ва тарбиявий вазифага эга бўлган жанр ҳисобланади. Бундай афсоналарда замонавий воқеликда содир бўлган хаёлий уйдирма асосидаги воқеалар турли ахборотчилар: ёшлар, қариялар, дўстлар, танишлар, турли касб эгалари каби замонавий даврга мансуб жамият аъзолари томонидан баён этилади. “Замонавий афсоналар”да афсона сюжетидаги тингловчига маълум бўлган аниқ вақт ва аниқ бир жойда, яқин тарихда бўлиб ўтган воқеаларнинг гувоҳ бўлган инсонлар (ота-онаси, дўсти, синглиси, яқинлари, танишлари каби), сюжет рамкасидан ташқарида берилган ахборотчилар томонидан тасдиқланиши каби омиллар асосида афсонада баён этилган воқеаларга ишонч оширилади. Айрим ҳолларда “замонавий афсоналар” сюжетида афсона қаҳрамони ҳақидаги маълумотлар, биографиясига оид чизгиларнинг берилиши натижасида афсонада баён этилган воқелик индувидуаллиги ва аниқлигига ишонч мустаҳкамланади. Шунингдек, бундай афсоналар сюжетида фантастик элементлардан кўра бирор шахс ҳаётида содир бўлган қўрқинчли воқеаларнинг далиллар асосидаги тасвирининг берилиши, унинг тингловчи билан замондош бўлган жойлашувга эга бўлган маконларда яшаганлиги каби омиллар ҳам ундаги воқеаларга ишончнинг ошишига хизмат қилади. “Замонавий афсоналар” персонажлари одатдагидек инсонлар (турли хил оддий шаҳар аҳолиси, яқин ўтмишда ёки ҳозирги кунимизда яшаётган инсонлар) ҳамда ғайриоддий кучлар. Ғайриоддий кучлар афсона қаҳрамонининг одатдаги ҳаётини ўзгартириб юбора олган, уларни бошқа ўзанга солиб юбора оладиган ғайриоддий қаҳрамонлардир (руҳлар, Хизр алайхиссалом, шайтон, пари, жин, алвасти каби). Замонавий афсоналар икки ёки уч персонажлардан иборат бўлиб, уларни ёшига, жинсига, ижтимоий мавқеи, касбий ўзига хослигига қараб турли гуруҳларга ажратиш мумкин.

“Yo'qolib borayotgan avtostop” китобида берилган “замонавий афсона” матнида замонавий дунёда бўлаётган ғайриоддий ҳодисалар баёни берилган бўлиб, унинг персонажлари ҳам ҳозирги кунимиздаги, жамиятимиздаги оддий инсонлар. Замонавий афсона матни қуйидагича бошланади: “This is the story just as we heard it several months ago, from a levelheaded, conscientious business man. "I've never been able to understand this," he began hesitatingly. "It happened to a friend of mine, Sam Kerns, a fellow who went to Cal with me. He can't explain it either.” [17, 303-304] Афсона воқеалари виждонли ва тадбиркор бир инсон томонидан баён қилинади ва у воқеа унинг дўсти Сем Кернс билан содир бўлганлиги айтади. Афсонани айтувчи ҳам, унинг қаҳрамонлари ҳам шаҳар атрофидаги одамлар. Афсона сюжетида замонавий дунёда, шаҳарда содир бўлаётган воқеалар баёни, хусусан, Сан Франсискодан уйга қайтаётган Кернс ва яна бир эркак билан юз берган ғайриоддий ва қўрқинчли воқеа ҳақида ҳикоя қилинади. Замонавий афсона сюжетидаги воқеаларни афсона персонажлари тушунтириб бера олмайдилар. Улар совуқ ва ёмғирли кечада, Биринчи ва Миссия кўчаси муюлишида турган оппоқ ва харир базм кўйлагидаги аёлни машинасига чиқарадилар. Соат иккилардан ошган шундай совуқ ва ёмирли тунда, пальто ва соябонсиз, кимнидир кутиб турган бу аёл машина орқа ўриндиғида иссиқ одеалга ўранган ҳолда кетади ва йўлда кетаётиб Твин Пиксда онаси билан яшашини айтади ва уларга манзили беради. Улар бешинчи кўчага етишганда, Керн орқа ўриндиқдаги аёлга қараса, у ерда ҳеч ким йўқ эди. Тез юриб кетаётган машинадан тушиб қолишнинг ҳам иложи йўқ эди. Қўрқув ва ташвишда қолган Керн шериги билан аёл берган манзилга йўл оладилар. У ерда эса уларни қари аёл кутиб олади. Йўловчиларнинг ҳикояларидан аниқ бўладики, қари аёлнинг қизи икки йил олдин Биринчи ва Миссия кўчасида автомобиль авариясида ўлдирилган экан. Афсона персонажлари Кернс, йўловчи, оппоқ харир кўйлакдаги аёл ва унинг онаси. Афсона хронотопи ҳам шаҳар кўчалари. Ундаги ғайриоддий воқелик ўлган аёл руҳининг йўловчилар билан мулоқот қилиши бўлиб, афсона сюжети анимистик қарашлар натижасида юзага келган хаёлий уйдирма асосига қурилганлигини кўрсатади.

Ўзбек фольклорида ҳам замонавий воқелик билан боғлиқ турли замонавий афсоналар ёзиб олинган. Андижон вилояти Қўрғонтепа туманидан 2016-йилда ёзиб олинган “замонавий афсона” да келтирилишича, Ҳайдарали Полвон исмли бир киши бўлар экан. 1965 йиллар атрофида жамоа хўжалиги далаларида ишлар экан. Кечалари далада сув қўяр, ҳосил қўриқлар экан. Унинг зотдор оти бўлиб, у далаларни шу отида айланар экан. Ҳар куни эрталаб туриб, отини минай деса, от хориб-чарчаб ётиб қолар экан. Ҳайдарали полвоннинг опалар отингга жин ёки ажина тегаётган бўлса керак, уни кечаси пойла, дея маслаҳат беришибди. Ҳайдарали полвон икки кун кечаси ухлаб колибди ва учинчи куни отини кечаси миниб юрган ажинани ушлабди. Ҳайдарали полвон ажинани сочидан ушламаса, қочиши ва зарар бериши мумкинлигини билгани боис уни сочидан ушлабди ва сочидан қирқиб олибди. Ажина Ҳайдарали полвондан сочини қайтариб берса, унга ва авлодларига умуман зарар бермаслигини айтибди. Бироқ полвон ажинанинг сочини кавушининг остига, патагининг тагига солиши керак экан, аммо буни билмай сандиғига солиб қўйибди. Ажина сандиқдан сочини олиб, қочиб кетибди ва Ҳайдарали полвон авлодидан бўлган ўғил болаларни олиб кетадиган бўлибди. Шу–шу Ҳайдарали полвоннинг ўғил фарзандлари кичиклигидаёқ вафот этадиган бўлибди (Айтувчи: Маҳбубахон Қорабоева. Ёзиб олувчи: К.Абдурашидова). Ушбу афсона сюжетига (хронотопига) эътибор қаратсак, ундаги воқеалар замонавий дунёда 1965-йилларда содир бўляпти, фақат шаҳарда эмас, қишлоқ далаларида. Унинг персонажлари ҳам замонавий кунимиздаги одамлар: Ҳайдарали полвон ва унинг опалари. Афсонадаги ғайритабиий персонаж – ажина бўлиб, у Ҳайдарали полвон ҳаётига салбий таъсир қилади. Ажина аёл мифологик персонаж бўлгани боис, кўпроқ эркакларга зарар етказади деган мифологик қараш афсона сюжетининг шаклланишига хизмат қилган. Ажинанинг отга зарар бериши ва Ҳайдарали полвоннинг уч кеча пойлоқчилик қилиш мотиви афсона сюжетидаги воқеаларни асослашга хизмат қилган. Афсона Ҳайдарали полвоннинг опаси тилидан ҳикоя қилинади. Ундаги Ҳайдарали полвоннинг ўғил авлодларининг ўлими билан боғлиқ воқеалар ажина ҳақидаги хаёлий уйдирмалар орқали изоҳланган. Андижон вилоятининг Пахтаобод, Жалалқудуқ, Наманган вилоятининг Чортоқ ва Уйчи туманларидан ёзиб олинган айни шу афсона сюжетига ўхшаш турли вариантларда ҳам эркак ва уни ғайритабиий персонажлар (ажина, жин, дев, алвасти, пари каби) билан олишуви, афсона қаҳармонига таслим бўлиши ёки зарар бериши билан болиқ воқеалар баёни берилади. Америка “шаҳар афсоналари” ва ўзбек “замонавий афсоналари”нинг типологияси сюжетида ҳозирги кунимизда содир бўлган хаёлий уйдирмага асосланган воқелик баёнининг берилишида, жанр хусусиятлари, сюжет ва композициясида, персонажларининг замонавий дунё одамлари эканлиги, воқеаларнинг ҳозирги кунимиздаги реал жойларда юз бериши каби жиҳатларида кўринади. Америка “шаҳар афсоналари” ва ўзбек “замонавий афсоналари”нинг дифференцияси эса воқелик бўлувчи жойнинг (топос) шаҳардаги турли жойлар (ресторан, кафе, вокзал, кўча ва хк) ҳамда ҳозирги кунимиздаги ҳар қандай жойда ( шаҳар, қишлоқ, дала, шийпон, овлоқ жой, шаҳар чеккаси ва хк ) юз беришида кўзга ташланади. Америка “шаҳар афсоналари”да одатий ҳаётимиздаги одамлар, руҳлар иштирок этса, ўзбек “замонавий афсоаналари”да ғайритабиий персонажлар: руҳлар, ажина, жин, алвасти, дев, пари, Ҳизр иштирок этадилар. Шунингдек, “замонавий афсоналар” да уни яратган миллатнинг миллийлиги ва ўзига хосликлари, мифологик қарашлари акс этиши ҳам унинг ўзига хос жиҳатларидан биридир.

Адабиётлар:

1. Бакимбетов А.М. Қорақалпоқ халқ афсоналарининг ўзига хос хусусиятлари, таснифи ва сюжет таркиби. Филол. фанлари бўйича фалсафа (PhD) докт. . ... дисс. автореф. – Тошкент, 2020. – 54 б.

2. Brunvand J.H. The Vanishing Hitchhiker: American urban legends and their meanings. NY: Norton, 1981. - 208 p.; Brunvand J.H. The Choking Doberman and other "new" urban legends. -NY: Norton, 1984.-240 p.; Brunvand J.H. The Mexican Pet: More "new" urban legends and some old favorites. NY: Norton, 1986. - 221 p.; Brunvand J.H. Curses! Broiled again! The hottest urban legends going. -NY: Norton, 1989.-335 p.; Brunvand J.H. The baby train and other lusty urban legends. NY: Norton, 1993.-367 p.; Brunvand. J.H. Too good to be true: the colossal book of urban legends. NY: Norton, 1999. - 480 p.

3. Веселова И.С. Жанры современного городского фольклора: повествовательные традиции Автореферат дисс. ... канд. филол. наук. – Москва, 2020. – С.23;

4. Майер А.С. Московские городкие легенды как исторический источник (Историческая память и образ города). Автореферат дисс. ... канд. историч. наук. – Москва, 2008. – 23 с.

5. Modern American cities / Ed. by R.Ginger. Chicago: Quadrangle Books, 1969.-242 p; Toropov B. The complete idiot's guide to urban legends. Indianapolis: Alpha Books, 2001.-308 p.; Urban anthropology: cross-cultural studies of urbanization // Ed. by A.Southole. NY: Oxford University Press, 1973. - 489 p.; Encyclopedia of urban legends / Jan Harold Brunvand; artwork by Randy Hickman. Santa Barbara, Calif.: ABC-CLIO, 2001. - 524 p.

6. Никитин М.В. Реализация концепта "страх" в сценариях городской легенды. Автореферат дисс. ... канд. историч. наук. – Москва, 2008. – С.3.

7. Левская Ю.С.. Американская городская легенда в контексте постфольклорной культуре. Автореферат дисс. ... канд. филол. наук. – Ижевск, 2006. – С.3-4.

8. Имомов К. Ўзбек халқ насри поэтикаси. – Т.: Фан, 2008.;

9. Жуманазаров У. Ўзбек фольклори ва тарихий воқелик. - Т.: “Фан”, 1991.

10. Жўраев М. Рунетфольклористика хусусида баъзи мулоҳазалар / маҳсулотларини яратиш” мавзусидаги Республика илмий-амалий анжумани тўплами. – Андижон. 2021 йил 27-март. – Б.8-17; Жўраев М. Ўзбек халқ самовий афсоналари. - Т.: “Фан”, 1995, Жўраев М. Фольклоршунослик асослари. – Тошкент: Фан, 2008. , Жўраев М. Ўзбек халқ тақвими ва мифологик афсоналар. - Т., 1994., Жўраев М. Хизр // Ўзбек мифологияси ва араб фольклори. (Ш.Шомусаров билан ҳамкорликда). –Т.: Фан, 2001, 104-118-бетлар. Жўраев М. Хоразм мифологиясида Ҳубби культи. // “”Илм сарчашмалари”, Урганч, 2002, 1- сон, 19-24-бетлар.;

11. Пелипенко А.А. Городской миф о городе // Город и искусство: субъекты социокультурного диалога / Сост. Т.В.Степугина. М.: Наука, 1996. - С.39-48.

12. Раҳмонова М.Р. Ўзбек халқ афсоналарининг бадиияти. Филол. фан. доктори (DSc)... дисс. – Тошкент, 2011. – 263 б.

13. Раҳмонов Б.М. Ўзбек халқ оғзаки ижодиёти жанрларининг постфольклор шароитидаги ҳолати ва функционал хусусиятлари. Филол. фан. доктори (DSc)... дисс. – Тошкент, 2021. – Б.179.

14. Ризоева М. А. Ўзбек халқ миқологик афсоналари (ўзига хос хусусиятлари, таснифи ва образлар тизими). Филол. фанлари бўйича фалсафа (PhD) докт. . ... дисс. – Тошкент, 2020. – 148 б.

15. Турдимов Ш.Г. Самовий афсоналарда мифологик тартиб изоҳи./ маҳсулотларини яратиш” мавзуидаги Республика конференцияси тўплами. 2- китоб. Наманган, 2022. – Б.18-21. ;

16. Encyclopedia of urban legends / Jan Harold Brunvand; artwork by Randy Hickman. Santa Barbara, Calif.: ABC-CLIO, 2001. - 524 p.

17. The Vanishing Hitchhiker. Author(s): Richard K. Beardsley and Rosalie Hankey. – California Folklore Quarterly, Vol. 1, No. 4 (Oct., 1942), pp. 303-335. /

본문은 PDF에서 자동으로 추출되었으며 부정확할 수 있습니다.