УДК:633:11+631:1+631+55
Лалми майдонларда экиш меьёрларининг қаттиқ буғдой навлари дон
ҳосили ва сифатига таьсири
Иззатуллаев Л.А., Қузибоев Ж.Б., Чориев С.Ф
Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланисҳ институти
Республикамиздаги лалмикор ерларда етиштирилган бошоқли дон экинлари ҳосили азалдан ички эҳтиёжни қондиришда муҳим аҳамиятга эга бўлган. Ҳозирда мамлакатимизнинг донга бўлган эҳтиёжи асосан суғориладиган ерларда етиштириладиган ҳосил ҳисобига қондирилмоқда. Лалмикорликда буғдой, айниқса қаттиқ буғдой етиштириш, ҳосилдорликни, дон сифатини ошириш ғаллачиликдаги долзарб муаммолардан бири бўлиб ҳисобланади. Жорий йилда республикамизда 200 минг гектардан ортиқ лалмикор майдонларга буғдой уруғлари, шу жумладан қаттиқ буғдой ҳам экилди.
Халқ хўжалигида қаттиқ буғдой жуда катта иқтисодий аҳамиятга эга. Қаттиқ буғдой дони бир қатор технологик хусусиятларга эга бўлиб, унинг унидан тайёрланган маҳсулотлар тўйимли ва жуда ҳушбуйдир, ундан юқори сифатли ёрма, макарон, вермишел ва бир қанча қандолат (печенье, тортлар, пряник ва бошқалар) маҳсулотларини ишлаб чиқаришда тенгсиз хомашё ҳисобланади.
Республикамиз лалмикор майдонларида ҳозирги пайтда экиш учун Давлат реестрига қаттиқ буғдойнинг Марварид ва Леукурум-3 навлари критилган. Бу навлар юмшоқ буғдой навларига нисбатан иссиққа, қирғоқчиликка, қоракуя ва занг касалликларига чидамли бўлиб, донлари пишганда тўкилиб кетмайди, лалмикор шароитда барқарор ва сифатли ҳосил беради.
Ўзбекистоннинг табиий-иқлим шароити лалмикор минтақаларда қаттиқ буғдой ўстиришга жуда қўлайдир. Республикамизнинг лалмикор майдонларида экиш учун қаттиқ буғдойнинг бир неча навлари яратилган бўлишига қарамай бу навларнинг экин майдонлари жуда кам ва республикамизда ривожланиб бораётган макарон-кондитер саноатининг қаттиқ буғдой донига бўлган талабини қондира олмайди. Ваҳоланки, республикамизда қаттиқ буғдойни етарли миқдорда етиштиришнинг илмий ва амалий имкониятлари мавжуд. Аммо, кейинги йилларда лалмикорликдан фойдаланиш кескин даражада камайди. Айрим йиллари об-ҳавонинг қирғоқчил келиши, деҳқончилик маданиятининг, ерлар унумдорлигининг пасайиши, навларнинг биологик хусусиятлари ҳамда тупроқ-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда экиш меьёрларининг ўрганилмаганлиги бунинг асосий сабабларидан бири ҳисобланади.
Буғдой ўстиришнинг энг муҳим технологик усул-экиш меьёри бўлиб, уни оптимал меъёрдан ошириш ёки камайтириш ҳосилдорликни ҳамда буғдой етиштириш самарадорлигини пасайишига олиб келади.
Юқорида қайд этилганлардан келиб чиқиб, биз Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида лалмикорликнинг нам билан ярим таьминланган қирадирлик минтақасида жойлашган “Суғориладиган ерларда ғалла, дуккакли ўсимликлар илмий тадқиқот институти”ни Ғаллаорол филиалининг марказий тажриба хўжалигига қарашли лалми тажриба участкасида қаттиқ буғдойнинг Марварид ва Леукурум-3 навларини қўйидаги экиш меьёрларида 2,0;2,5;3,0 ва 3,5 млн/га унувчан уруғ ҳисобида экиб ўргандик. Тажрибада қаттиқ буғдой уруғлари 25 октябрда экилди. Дала тажрибалари 4 қайтариқли, ҳисобга олинадиган майдончаларнинг катталиги 50м2 га тенг бўлиб, пайкалчалар икки ярусли қилиб жойлаштирилди. Тажрибаларда ўсимлик парвариши мазкур минтақа учун қабул қилинган технологик жараёнлар асосида бажарилди. Тажриба натижалари В.А.Доспехов (1985) услуби бўйича математик таҳлил қилинди.
Тажриба натижаларининг кўрсатишича, экиш меьёрларини ошириш қаттиқ буғдой навлари бўйининг баланд бўлишига олиб келди. Гектарига 2,5 млн унувчан уруғ экилганда ўсимлик баландлиги 2,0 млн экилганга нисбатан Марварид ва Леукурум-3 навларига мувофиқ ҳолда 1,0; 1,3 см, 3,0 млн уруғ экилганда эса 2,3; 3,0 см ва 3,5 млн экилганда 3,4; 4,2 см га ошди.
Экиш меьёрларини ошириш қаттиқ буғдой навлари ўсув даврини 2-3 кунга узайтирди.
Тажрибаларда қаттиқ буғдойнинг Марварид ва Леукурум-3 навлари экиш меьёрини гектарига 2,0 млн дан 3,0 млн гача оширганда ҳосилдорлик навларга мувофиқ ҳолда 20,7 ва 18,2 центнерни ташкил қилди ёки дон ҳосили навларга мувофиқ ҳолда гектарига 4,0 ва 4,5 центнер кўпайди. Экиш меьёрини гектарига 3,5 млн га оширганда дон ҳосили ошишида ишонарли фарқ кузатилмади.
Экиш меьёрларини ошириш дон сифат кўрсатгичларидан 1000 та дон массаси, дон натураси ва шишасимонлигини камайтирди.
Шунингдек, экиш меьёрларини ошириш билан дон таркибидаги оқсил сақланишини пасайиш қонунияти кузатилди. Гектарига 2,0 млн уруғ экилганда Марварид ва Леукурум-3 навларига мувофиқ 15,2; 15,5 %; 2,5 млн да 14,9; 15,2 %; 3,0 млн да 14,7; 15,0 %; 3,5 млн да 14,4; 14,8 % ни ташкил этди.
Экиш меьёрларини ошириш билан клейковина миқдори ҳам камайганлиги қайд этилди.
Экиш меьёрини гектарига 2,0 млн дан 3,0 млн гача ошиб бориши билан гектар ҳисобига олинадиган оқсил ва клейковина миқдори ҳам ошиб борди. Экиш меьёрини гектарига 2,0 млн дан 3,0 млн гача ошиши билан Марварид ва Леукурум-3 навларида бир гектардан оқсилнинг чиқишини ҳам мувофиқ ҳолда оширди.
Демак, Жиззах вилоятининг Ғаллаорол тумани қир-адирлик минтақаси шароитида қаттиқ буғдойнинг Марварид ва Леукурум-3 навларининг мақбул экиш меьёри гектарига 3,0 млн уруғ эканлиги аниқланди. Экиш меьёрини гектарига 2,0 млн га камайтириш ёки 3,5 млн гача оширишда ҳам дон ҳосилининг камайишини кузатиш мумкин. Лалмикорликда қаттиқ буғдой экиш меьёрларига риоя қилиш улардан мўл ва сифатли ҳосил етиштиришга замин яратади.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
1. Суғориладиган ва лалми ерларда кузги бошоқли дон экинларини парвариш қилиш технологияси / И.Қобулов, А.О.Омонов ва б.: -Андижон: Ҳаёт, 2000. -66 б.
2. Бобомирзаев П.Х. Влияние сроков и нормы посева на урожаи качетва зерна пшеницы на орошаемых типичных сероземах Кашкадарьинской области: Автореф. на соис. уч. степ. канд. с.-х. наук. Самарканд: СамСХИ, 1998. -21 б.
3. Келдиёрова Х.Х. Зарафшон водийсида кузги буғдойнинг қишга чидамлилиги ва ҳосилдорлигига экиш муддатларининг таъсири: қ.-х. ф.н.канд. дис. автореферати. –Самарқанд: СамҚХИ, 2004. -21 б.
4. Халилов Н.Х. Нучные основы возделывания пшеницы осеннего посева на орошаемых землях Узбекистана: Автореф. дис на соис. уч. степ. док. с.-х. наук. –Самарканд: СамСХИ, 1994. -41 б.
5. Бахрамов Б. Кузги буғдой ва ҳосилдорлик //Ж. Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги. -1999. -№ 6. –Б. 31-32.
6. Халилов Н.Х., Бобомирзаев П.Х. Кузги буғдой етиштириш технологиясини такомиллаштириш шартлари //Ж. Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги. -1998. -№ 5-6. –Б. 35-37.
7. Халилов Н.Х., Ходжаниёзова Ф. Влияние норм и способов посева на урожайность озимой пшеницы //Ж. Сельское хозяйство Узбекистана. -2002. -№ 6. –Б. 10-11.
본문은 PDF에서 자동으로 추출되었으며 부정확할 수 있습니다.