УДК: 633.11+631.51+631.55
Қаттиқ буғдой навлари ҳосилдорлиги ва сифатининг экиш муддатларига
боғлиқлиги
Иззатуллаев Л.А., Қузибоев Ж.Б., Абдуллаев М.Б
Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланисҳ институти
Буғдой етиштиришни кўпайтириш ва сифатини яхшилаш мамлакатимиз қишлоқ ҳўжалигидаги энг долзарб муаммолардан биридир. Бу муаммони ҳал этишда навлар ва уларнинг илмий асосланган технологиясини ишлаб чиқиш муҳим аҳамиятга эга.
Мамлакатимизда ривожланиб бораётган макарон-кондитер саноатининг муҳим хомашёси бўлган қаттиқ буғдой донига бўлган талаби табора ошмоқда, аммо республикамизда унинг экилаётган майдони жуда кам ва донига бўлган талабни қондира олмайди. Ваҳоланки, уни етарли миқдорда етиштиришнинг илмий ва амалий имкониятлари мавжуд.
Республикамизнинг давлат нав синаш участкалари, станциялари ва кўпгина фермер хўжаликларида ўтказилган тажрибалар қаттиқ буғдой ҳам суғориладиган ерларда илмий асосланган технологияси бўйича ўстирилганда ҳосилдорлик бўйича юмшоқ буғдойдан қолишмаслигини гектардан 55-65 ц кам бўлмаган қимматбаҳо дон олишини кўрсатди.
Республикамиз суғориладиган ерларида экиш учун қаттиқ буғдойнинг Истиқлол, Макуз-3, Александровка, Леукурум-21, Карлик-85, Неодур ва Тетрадур навлари давлат реестрига киритилган. Бу навларнинг ҳаммаси биологик баҳори ва дуварак қишга чидамлилиги кузги буғдойникидан пастроқ бўлсада, қурғоқчиликка, касалликларга чидамлилиги юмшоқ буғдойникидан юқори, пишганда донлари тўкилиб кетмайди.
Буғдой етиштириш технологиясининг энг муҳим технологик усуллари экиш муддатларига амал қилиш мўл ва сифатли ҳосил олишнинг асосий омилидир. Экиш муддатларини белгилашда навларнинг биологик хусусиятлари, тупроқ-иқлим шароити, нам билан таъминланганлик даражаси ва бошқа омилларни ҳисобга олиш лозим.
Қаттиқ буғдой навлари потенциал имкониятларидан тўла фойдаланиш учун уларнинг энг қулай илмий асосланган экиш муддатларини ўрганиш ушбу технологик элементнинг буғдой дон ҳосили ва сифатига таъсирини аниқлаш муҳимдир.
Шулардан келиб чиқиб, тажрибаларни Самарқанд вилоятининг тоғ олди худуди шароитида (2005-2007 йй.) қаттиқ буғдойнинг Александровка, Макуз-3, Карлик-85 ва Истиқлол навларининг экиш муддатларини ўргандик. Дала тажрибалари 4-қайтариқли, ҳисобга олинадиган майдончаларнинг катталиги 50 м2 га тенг бўлиб, икки ярусли қилиб жойлаштирилди. Буғдойнинг ўтмишдош экини маккажўхори ўстирилган майдонлар танлаб олинди.
Тажрибаларда гектарига Р150 К70 ва N210 кг дан (азотли ўғитлар экишдан олдин 30 кг, қолган меъёри эрта баҳорда ва найчалаш фазаларида) солинди. Экишдан олдин нам тўплаш мақсадида гектарига 1200 м3 сув берилди ва 3-марта атмосфера ёғинлари ҳисобга олиниб, ўсув даврида суғоришлар ўтказилди.
Буғдой навлари сентябрнинг 25-куни октябрнинг 5, 15, 25 кунлари ва 5 ноябрда гектарига 4.0 млн унувчан уруғ ҳисобида экилди.
Тажрибада ўсимлик парвариши мазкур минтақа учун қабул қилинган технологик жараёнлар асосида бажарилди.
Тажриба натижалари В.А.Доспехов (1985) услуби бўйича математик таҳлил қилинди.
Тажрибаларимиз натижаларига кўра, Самарқанд вилоятининг тоғ олди худудида қаттиқ буғдой навлари энг мақбул экиш муддати октябрнинг 15 кунлиги эканлиги аниқланди. Октябрнинг 15 кунида экилган пайкалчаларнинг ҳар гектари ҳисобига Александровка, Макуз-3, Карлик-85 ва Истиқлол навларидан мувофиқ ҳолда 51,6; 57,2; 54,3 ва 56,5 центнер ёки 25 сентябрга нисбатан 10,8 ; 11,2; 11,0; 10,3 центнер кўп дон ҳосили олинди. Экиш ноябрнинг 5 кунида ўтказилганда эса қаттиқ буғдой навлари дон ҳосили гектарига мувофиқ ҳолда 9,0; 10,1; 10,4; 9,9 центнерга камайди. Ушбу буғдой навлари эрта (25 сентябрда )экилганда қиш тушгунча меъёридан ортиқ ўсиб кетди ва қишда совуқдан зарарланди, ўсимликнинг бир қисми нобуд бўлди, кеч экилганда пайкалчаларда қиш тушгунча ўсимликлар тўла тупланишга улгура олмади ва уларнинг қишга чидамлилиги пасайди.
Тажрибаларимизда экиш муддатлари қаттиқ буғдойнинг сифат кўрсаткичларига сезиларли таъсир кўрсатди. Эрта (25 сентябр) ва кеч (5 октябр) муддатларда экилганда барча навларда 1000 та дон массасининг камайиши кузатилди. Қаттиқ буғдой навларининг эрта муддатларда экилганда 1000 та дон массасининг камайишининг сабаби тупланишнинг юқори бўлиши ва иккиламчи ҳамда навбатдаги бошоқдаги донлар майда бўлиб вазни камайишидир. Кеч муддатларда экилганда эса, донлар пишишининг жуда иссиқ даврларга келиши сабаблидир. Дон таркибидаги энг кам оқсил ва келейковина миқдори эрта муддатларда экилган буғдойларда кузатилди. Экишнинг кечикиши билан дон таркибидаги оқсил ва клейковина миқдорининг ошиб бориш қонунияти кузатилди.
Кеч экилган буғдой донидаги оқсилнинг ошиши ўсув даврининг иккинчи ярми ҳамда доннинг тўлишиш даври қисқариши билан боғлиқ, чунки, мақбул муддатдан 15-20 кун кеч экилганда буғдой донининг пишишдаги фарқи 1-3 га тенг. Бу эса ўз навбатида дондаги оқсил ва углеродлар нисбати таъсир кўрсатади, натижада бир гектаридан олинадиган оқсил миқдори ошмаслиги, баъзан камайишини кузатиш мумкин.
Демак, қаттиқ буғдой етиштириш технологиясида экиш муддатларига қаътий риоя қилиш улардан мўл ва сифатли ҳосил етиштириш омилларидан бири бўлиб ҳисобланади.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
1. Суғориладиган ва лалми ерларда кузги бошоқли дон экинларини парвариш қилиш технологияси / И.Қобулов, А.О.Омонов ва б.: -Андижон: Ҳаёт, 2000. -66 б.
2. Бобомирзаев П.Х. Влияние сроков и нормы посева на урожаи качетва зерна пшеницы на орошаемых типичных сероземах Кашкадарьинской области: Автореф. на соис. уч. степ. канд. с.-х. наук. Самарканд: СамСХИ, 1998. -21 б.
3. Келдиёрова Х.Х. Зарафшон водийсида кузги буғдойнинг қишга чидамлилиги ва ҳосилдорлигига экиш муддатларининг таъсири: қ.-х. ф.н.канд. дис. автореферати. –Самарқанд: СамҚХИ, 2004. -21 б.
4. Халилов Н.Х. Нучные основы возделывания пшеницы осеннего посева на орошаемых землях Узбекистана: Автореф. дис на соис. уч. степ. док. с.-х. наук. –Самарканд: СамСХИ, 1994. -41 б.
5. Бахрамов Б. Кузги буғдой ва ҳосилдорлик //Ж. Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги. -1999. -№ 6. –Б. 31-32.
6. Халилов Н.Х., Бобомирзаев П.Х. Кузги буғдой етиштириш технологиясини такомиллаштириш шартлари //Ж. Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги. -1998. -№ 5-6. –Б. 35-37.
7. Халилов Н.Х., Ходжаниёзова Ф. Влияние норм и способов посева на урожайность озимой пшеницы //Ж. Сельское хозяйство Узбекистана. -2002. -№ 6. –Б. 10-11.
본문은 PDF에서 자동으로 추출되었으며 부정확할 수 있습니다.