ResearcherUz LogoResearcherUz
Dergiyi Görüntüle

ЎЗБЕКИСТОНДА ПЕНСИЯ ЖАМҒАРМАСИ ДАРОМАДЛАРИ ВА ХАРАЖАТЛАРИ МУТАНОСИБ БОЛИШИГА АСОСИЙ САБАБЛАР

Özet

Республикада тадбиркорлик ва инвестиция муҳити яхшилаш, аҳоли даромадини легаллаштириш учун шароит яратиш мақсадида 2019 йилдан солиқ юки, жумладан фуқароларнинг иш ҳақидан Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари бекор қилинди ҳамда ижтимоий солиқ ставкаси 15 фоиздан 12 фоизга пасайтирилиши натижасида сўнгги 4 йилда расмий иш ҳақи олувчи сони 3,9 млн. нафардан 5,1 млн. нафарга ёки 1,3 баробарга ошди. Шунингдек, ушбу ўзгаришлар натижасида Пенсия жамғармаси даромадлари сезиларли даражада камайиб, пенсия тўловларини амалга ошириш учун давлат бюджетидан трансферт маблағлари ажратилмоқда.


Tam PDF Belgesi

İlgili Makaleler

Tam metin

ХАРАЖАТЛАРИ МУТАНОСИБ БОЛИШИГА АСОСИЙ САБАБЛАР

Пардаев Фаррух Музаффарович

ТДИУ мустақил изланувчиси (PhD)

F.Pardayev@ihma.uz

+998901128191

Калит сўзлари: ижтимоий солиқ, пенсия жамғармаси, даромад, харажат, трансферт, солиқ имтиёзлари, пенсия миқдори, минимал пенсия.

Республикада тадбиркорлик ва инвестиция муҳити яхшилаш, аҳоли даромадини легаллаштириш учун шароит яратиш мақсадида 2019 йилдан солиқ юки, жумладан фуқароларнинг иш ҳақидан Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари бекор қилинди ҳамда ижтимоий солиқ ставкаси 15 фоиздан 12 фоизга пасайтирилиши натижасида сўнгги 4 йилда расмий иш ҳақи олувчи сони 3,9 млн. нафардан 5,1 млн. нафарга ёки 1,3 баробарга ошди. Шунингдек, ушбу ўзгаришлар натижасида Пенсия жамғармаси даромадлари сезиларли даражада камайиб, пенсия тўловларини амалга ошириш учун давлат бюджетидан трансферт маблағлари ажратилмоқда.

Бу эса, фуқароларнинг кексалигида, меҳнат лаёқатини йўқотганида муносиб пенсия олишларини таъминлаш мақсадида давлат пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш зарурлиги тақоза этмоқда.

Бугунги кунда Пенсия жамғармаси даромадлари ва харажатлари ўртасида номутаносиблик мавжуд бўлиб, харажатларни қоплаш учун республика бюджетидан трансферт ажратилмоқда. Жумладан, трансфертлар миқдори 2022 йилда 11 трлн сўмни (жами харажатларнинг 25%), 2023 йилда 14 трлн сўмни (26%) ташкил этган бўлса, 2024 йилда 16 трлн сўм ва 2030 йилда 28 трлн сўмга етиши прогноз қилинмоқда.

Таҳлилларга кўра Жамғарманинг даромад ва харажатлари ўртасидаги номутаносиблик қуйидагилар сабаб бўлмоқда:

1-сабаб. Пенсия суғуртасига боғлиқ бўлмаган турли имтиёз ҳамда қўшимча устамалар учун ўртача йиллик жами 14,2 трлн сўм Пенсия жамғармаси ҳисобидан тўланиши. Жумладан:

- 2,5 млн нафар фуқаронинг бола парвариши, ҳарбий хизмат ва олий таълимдаги ўқиш даврларини иш стажига ҳисобланиши;

- 1,0 млн нафар пенсионернинг иш стажи ва иш ҳақига мувофиқ ҳисобланган пенсиялар миқдори камлиги сабабли энг кам истеъмол харажатлари ҳамда энг кам ногиронлик пенсия миқдорларига етказилиши;

- 58,8 минг нафар фуқарога белгиланган ёшдан аввал тўланган имтиёзли пенсия харажатлари корхоналар ёки бюджетдан қоплаб берилмаслиги;

- 0,1 млн нафар алоҳида хизматлари мавжуд ва уруш қатнашчилари пенсиясига қўшимча устамалар белгиланиши;

- 1,1 млн нафар ногиронлиги бўлган, боқувчисини йўқотган ва кам миқдорда пенсия олувчиларнинг пенсиясига қўшимча тўлов белгиланганлиги.

2-сабаб. Ижтимоий солиқ миқдори 12 фоиз белгиланган бўлса, 32 тоифадаги (жами 58,7 мингта) ташкилотларга ижтимоий солиқдан йиллик 1,7 трлн сўм имтиёзлар берилган. Жумладан,

- 1,2 мингта давлат-хусусий шерикчилиги асосида ташкил қилинган мактабгача таълим ҳамда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари ташкитлотларига ижтимоий солиқ тўлови 5 фоиз белгиланган;

- 54,1 мингта Туризм маҳалласи, туризм қишлоғи мақоми берилган ва оғир ҳудудлардаги тадбиркорлик субъектали ҳамда меҳмонхона, кўнгилочар марказларга хизмат кўрсатувчи, трикотаж маҳсулотини экспорт қилувчи ва чармпойабзал ишлаб чиқувчи ташкитлотларига ижтимоий солиқ тўлови 1 фоиз белгиланган;

- 3,3 мингта хориждан мутахассис ва олимлар жалб қилган ҳамда халқаро шартномаларда кўзда тутилган юридик шахслар ижтимоий солиқ тўловидан озод қилинган.

Бундан ташқари, ўзини-ўзи банд қилган шахслар иҳтиёрий равишда базавий ҳисоблаш миқдорида (375 минг сўм) ижтимоий солиқ тўлаганда 1 йил иш стажи ҳисоблаш имтиёзи мавжуд. Ваҳоланки, энг кам иш ҳақи (1 155 минг сўм) олувчи ходим учун бир йилда 1,7 млн.сўм ижтимоий солиқ тўланади.

Ушбу имтиёздан фойдаланиб 7 йил давомида жами 2,6 млн сўм ижтимоий солиқ тўлаган фуқарога бир йилда камида 8,9 млн сўм пенсия тўланади.

3-сабаб. Бугунги кунда республикада меҳнат ресурслари 19,3 млн нафарни ташкил этиб, шундан 5,9 млн нафари ёки 30%и Пенсия жамғармасига ижтимоий солиқ тўламоқда холос.

Халқаро меҳнат ташкилотига кўра, пенсия тизимининг иқтисодий барқарорлиги учун бир пенсия олувчига 4 нафар солиқ тўловчи тўғри келиши керак. Ўзбекистонда эса бир нафар пенсионерга 1,5 нафар солиқ тўловчи тўғри келмоқда.

Ўз навбатида, аҳолининг фаолиятини расмийлаштириш кўрсаткичи пастлиги оқибатида пенсия тайинлаш учун янги мурожаат қилаётганларда талаб этиладиган иш стажига эга бўлмаган (эркакларга 25 йил, аёлларга 20 йилдан кам) пенсияларнинг улуши ошиб бормоқда (2010 йилда 6% бўлса, 2024 йилда 54 %га етди).

Натижада, бугунги кунда 1,2 млн нафар фуқаро минимал пенсия миқдорида ва ундан кам олмоқда.

Таҳлилларга кўра, 2030-2035 йилларда 70% фуқароларга иш стажи тўлиқ бўлмаганлиги сабабли минимал пенсия тайинланиши мамлакатнинг камбағаллик кўрсаткичини ошириши мумкин.

4-сабаб. Амалда пенсия ҳисоблашда фуқаронинг жами меҳнат фаолияти давомида Пенсия жамғармасига қўшган хиссаси (тўланган ижтимоий солиқ) инобатга олинмасдан, фақат охирги 10 йиллик меҳнат фаолиятидаги иш ҳақи инобатга олинади.

Бунда ёшлик даврида кам иш ҳақи олиб, пенсия ёшига яқин қолганда иш ҳақи юқори бўлганларнинг пенсияси ошиши ёки аксинча ёшлик даврида юқори иш ҳақи олиб, пенсия ёшига яқин қолганда иш ҳақи камайганларга кам миқдорда пенсия тайинланишига сабаб бўлмоқда.

Мисол учун фуқаронинг 32 йил стажи мавжуд бўлиб, охирги ўн йилликда иш ҳақи 4,0 млн.сўм, ундан аввалги даврда эса 1,9 млн.сўмни ташкил этган. Фуқарога охирги ўн йилликдаги иш ҳақидан 2,5 млн.сўм пенсия тайинланган. Бунда бутун меҳнат фаолияти давридаги иш ҳақи инобатга олинганда пенсия миқдори 1,2 млн.сўмни ташкил этган бўлар эди.

5-сабаб. Пенсия ёшининг кичиклиги. Ўртача умр кўриш давомийлиги 75 ёшдан юқори бўлган барча мамлакатларда пенсия ёши ўртача 65 ёши ташкил этмоқда.

Ўзбекистонда умумий белгиланган пенсияга чиқиш ёши 1956 йилда собиқ Иттифоқ мамлакатлари фуқароларининг пенсия таъминоти қонунчилиги билан белгиланган миқдорда (аёлларга 55 ёш, эркакларга 60 ёш) сақланиб турибди. Ўша даврнинг статистикасига назар соладиган бўлсак, ўртача умр кўриш давомийлиги 47 ёшни ташкил этганлигини таъкидлаш ўринлидир.

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги ушбу пенсия ёши чегараси сақлаб қолинган ва МДҲ мамлакатлари орасида энг паст ҳисобланади.

Ҳалқаро меҳнат ташкилотининг “Ижтимоий таъминотнинг минимал меъёрлари тўғрисида”ги 102-сонли Конвенциясининг 26-моддасига мувофиқ, “белгиланган пенсияга чиқиш ёши 65 ёшдан ошмаслиги лозим ёки ваколатли органлар томонидан мамлакатдаги кексаларнинг пенсияга чиқиш ёшини белгилашда уларнинг меҳнатга лаёқати ҳисобга олиниши зарур”. Демак, Ҳалқаро меҳнат ташкилотининг талабларига кўра, дунё бўйича пенсияга чиқиш ёши 65 ёшдан ошмаслиги мақсадга мувофиқ, аммо, бунда кексаларнинг меҳнатга лаёқатлилигидан келиб чиқиб, бу ёш оширилиши ҳам мумкин. Бугунги кунда дунё бўйича ўртача пенсия ёши эркаклар ва аёллар учун 63 ёшни ташкил қилади.

Жаҳон мамлакатларида демографик вазиятнинг кескинлашуви, жумладан, аҳоли ёш таркибининг жиддий ўзгариши, яъни аҳоли ёш таркибида кекса ёшдаги фуқаролар улушининг ортиб бориши, аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлигининг ошиб бориши кабилар пенсия таъминоти тизими харажатларининг кўпайишига олиб келмоқда.

Metin PDF'den otomatik olarak çıkarılmıştır ve hatalar içerebilir.