ResearcherUz LogoResearcherUz
View Journal

ЧОЧ ВА СУҒДНИНГ САВДО-ИҚТИСОДИЙ АЛОҚАЛАРИ

Abstract

Ушбу мақолада Чоч ва Суғднинг илк ўрта асрлар даврида амалга оширилган ўзаро савдо иқтисодий ва маданий алоқалари Ғарбий Турк хоқонлиги даврида савдо сотиқ ва элчилик муносабатлари бўйича олиб борган ислоҳотлари  хусусида сўз юритилади. Мақолада келтирилган маълумотларни ёритишда мазкур масала бўйича илмий изланишлар олиб бораётган мутахассислар томонидан билдириб ўтилган фикр мулоҳазалари ўрганиб чиқилиб илмий асосда таҳлил қилиниб ёритилган.


Full PDF Document

Related Articles

Full text

ЧОЧ ВА СУҒДНИНГ САВДО-ИҚТИСОДИЙ АЛОҚАЛАРИ

Мухамедов Якубджан Кадирович

ЎзМу тарих факультети Археология

кафедраси катта ўқитувчиси(PhD)

Тел: +99895 0214815

Аннотация

Ушбу мақолада Чоч ва Суғднинг илк ўрта асрлар даврида амалга оширилган ўзаро савдо иқтисодий ва маданий алоқалари Ғарбий Турк хоқонлиги даврида савдо сотиқ ва элчилик муносабатлари бўйича олиб борган ислоҳотлари хусусида сўз юритилади.

Мақолада келтирилган маълумотларни ёритишда мазкур масала бўйича илмий изланишлар олиб бораётган мутахассислар томонидан билдириб ўтилган фикр мулоҳазалари ўрганиб чиқилиб илмий асосда таҳлил қилиниб ёритилган.

Калит сўзлар: Суғд, Чоч, Хоқон, турк, эфталит, Чже ше, Тегин, Қанғ, Ябғу, этник гурух, тудун, тутун. савдо, айирибошлаш.

Қадимда яшаган турли этник гуруҳларнинг ўзаро бир ерда тўпланишида маданий алоқалар ва савдо-сотиқ муносабатларини аҳамияти ниҳоятда каттадир. Хусусан, Ўрта Осиё ҳудудларида истиқомат қилувчи этник гуруҳларни қадимдан Чоч ва Суғд билан олиб борган ўзаро савдо иқтисодий алоқаларини ёритиш масаласи ҳозирги кундаги долзарб мавзулар сирасига киради.

Суғд ва Чоч аҳолиси ўзаро маданий алоқалар олиб борган бўлиб, улар нафақат савдо муносабатларда балки ҳамкорликда қўшни минтақа Хитой Шарқий Осиё ҳудудларидаги давлатлар билан ҳам савдо муносабатларини йўлга қўйганлар.

Чочнинг ўтроқ аҳолиси ва кўчманчи қабилалар билан ўзаро алоқалари қулай минтақада Сирдарёнинг ўрта ҳавзасини ишғол этган бўлиб, қадимги даврларданоқ Марказий Осиё халқларининг савдо-иқтисодий ва маданийалоқалари ривожида ўзига ҳос кўприк вазифасини бажариб келган. Антик давр манбалари таҳлили шуни кўрсатадики Сирдарёнинг ўрта ҳавзаси ўтроқ аҳоли ва чорвадор кўчманчи қабилалар ўртасидаги мулоқот маркази бўлган.

Буюк ипак йўли Қанғ давлати (мил. авв. II – мил. IV асрлар) тасаруфида бўлган даврда улкан ҳудудни, жумладан Суғд ва Чочни ўзаро боғловчи йўл бўлган. Эфталийлар даври (V–VI асрлар)да ҳар икки ҳудуднинг иқтисодий ва сиёсий нуфузи ортиб борган. Чунки бу даврда улар мустақил ички ва ташқи сиёсат юритган. VI асрга мансуб “Вэй шу” ва VII асрга оид “Бэй шу” солномаларида Чоч – Чже ше (Чиачиат) давлати номи остида тилга олинади[1]. Шунингдек, ушбу манбада келтирилишича, 437 йилда мустақил Чоч Хитойга элчилар юборган. Бошқа бир манба “Тундян”да эса, Чоч давлатининг Суй сулоласи (581-618) билан дипломатик алоқаси хақида сўз боради[2]. Қолаверса, VII аср бошларигача Суғд каби Чоч ҳукмдорлари (605 йилгача) ҳам келиб чиқиши юэчжиларга бориб тақалувчи чжаоулар хонадонига мансуб бўлганлар[3]. Чочда Қанғ давлати даврида маҳаллий чжаоулар, Турк хоқонлиги давридан, яъни 605 йилдан сўнг туркий сулола вакиллари давлат бошқарувини амалга оширганлар. Сиёсий ва маъмурий бошқарувни олиб боришда маҳаллий туркийлар ва суғдийларнинг салмоғи юқори ўринда турган[4]. Хоқонликнинг Ипак йўли устидан назорат юритиши воҳа иқтисодини янада ривожлантиршга сабаб бўлган.

Эфталийларни мағлуб этган Турк хоқонлиги унинг таркибида бўлган ҳудудларни ўз таркибига қўшиб олади. Хусусан, Чоч дастлаб Истами ябғу-хоқон тасарруфида, бўлса, хоқонлик иккига бўлингач (603 йил), Ғарбий Турк хоқонлиги таркибига киради. 605 йилда Шегуй шад (шаҳзода) Чочнинг маҳаллий ҳукмдорини Нийени ўлдириб, унинг ўрнига Истами авлодларидан ашина сулоласига мансуб Тегин Тянчжини (605-609) тайинлайди. Шу ўринда хитой йилномаларида 605 йилда Ғарбий Турк ҳукмдори “Шегуй хоқон ўз қўшини билан отланиб, ушбу ҳукмдорликни тор-мор қилди маҳаллий бошқарувни тугатди ва ашина оиласига мансуб Тяньчжини ноиб Тегин сифатида бу ҳукмдорликни бошқаришга буйруқ берди... Бешинчи Да-йе йили (609 й.)да Тяньчжи Хитой саройига ўз ҳурмат-эҳтиромини билдириш мақсадида ҳадялар билан биргаликда элчи юборди”[5] мазмунидаги маълумотларнинг келтирилиши ҳам бевосита Чоч воҳа сифатида нуфузи ошганлигини англатади.

Тегин Тянчжи Ғарбий Турк хоқонлиги яратган иқтисодий ва сиёсий эркинликдан фойдаланиб, Хитой билан дипломатик алоқа ўрнатди. 618 йилда ҳокимиятга келган Ғарбий Турк ҳукмдори Тўн ябғу ўз қароргоҳини Чоч яқинидаги Мингбулоқ (хитойча Цян-цюан) мавзесига кўчирди. Бошқарувда ислоҳатлар ўтказиб, қарам ўлкаларга ўз вакиллари – элтабар (эл-давлат бошқарувчи)ларини юборди. Тушадиган солиқ назоратини тудунлар орқали амалга оширди. Араб истилоси даврида Чоч ўз ҳукмдори (c’cyk xwβ) – турк тегини ва тудун (tδwn) томонидан бошқарилган. Хусусан, Мохэду тутун – Баҳадур тудун (713-740) ва Суғд маъмурияти муносабатлари Муғ архивининг А14 ҳужжатида ўз аксини топган[6]. Тегинлар сулоласи Чочни 750 йилгача бошқариб келган .

Чоч Халқаро савдо муносабатларда ўзининг харидоргир маҳсулотлари билан фаол иштирок этган. Жумладан қимматбахо тош ва металлар Лашкарак конидан қазиб олинган кумуш ва кумуш маҳсулотлари, Тункет ва Тўқкет хом ашё металлари, Қорамозорнинг мовий ферузалари ва бошқаларни савдосини ташкил қилган. Бу даврда ички бозорда қиймат ўлчови учун махсус мис тангалар зарб этилди. Чоч ҳудудида Ғарбий Турк хоқони Тарду хоқон (576-603) – trδw γ’γ’n номи акс этган суғдий ёзувдаги тангалардан то Тўн ябғу хоқоннинг (618-630) ябғу-хоқон пули деб номланувчи тангалари муомала воситаси вазифасини бажариб келган. Бу тангалар муомаласи иқтисоднинг ўсиши ва халқаро савдонинг ортишига замин яратди.

Чоч маҳсулотларининг харидоргир бўлишига энг аввало, унинг ҳунармандчилик ва савдо маркази бўлган Буюк ипак йўлининг шимолий тармоғида жойлашганлиги билан изоҳлаш мумкин.

Суғдликлар қадимда Буюк Ипак йўлида савдо сотиқ муносабатларни олиб боришда кўплаб имтиёзларга эга бўлган. Уларни бундай имкониятларга эга бўлишларида ўз даврида қудратли бўлган Кушон ва Қанғ давлатларининг инқирозга учраши улар учун кўплаб имкониятларни юзага келтирган. Бу даврни минтақа учун “суғдийлар даври[7] сифатида эътироф этилган. Турк хоқонлиги бошқарув таркибида бўлган Суғдликлар мақейи янада ортиб борган. Хусусан, улар нафақат моҳир савдогарлар, балки элчилик муносабатларни юритишда ҳам хоқон номидан кўпгина ҳудудларга элчилар қаторида иштирок этганлиги маълум.

Чоч воҳасининг Ипак йўлидаги стратегик ўрни ва Суғд билан яқин алоқаси турк-суғд муносабатларида муҳим аҳамият касб этган.

Cуғдликлар нафақат ички савдо муносабатларда етакчи ўринга эга эди балки Хориж давлатларида уларнинг маҳсулотларига талаб юқори даражада бўлган. Бу борада Хитой манбаларида Суғдликларнинг қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ва ҳунармандчиликда яратган қурол аслаҳалари хақида тарифлар келтирилган. Суғд ҳудуди табиати жуда хилма ҳилдир ҳудуд ерлари дехқончилик ва боғдорчилик қилиш учун жуда қулай минтақа ҳисобланди. Халқаро савдо муносабатларда уларнинг боғдорчилик махсулотларидан шафтоли ва гилос, узумчиликда майиз етиштиришда моҳир миришкорлардир[8]. Йилқичиликда зотдор отларни энг сараларини таёрлашда ва экспорт қилишда уларни олдига тушадиган савдогарлар бўлмаган. Ипак савдосида хатто Хитойни ҳам доғда қолдира олишганлиги хитой йилномалари ва манбаларда тилга олиб ўтилган. Бу борада улар савдо алоқаларини олиб боришда махсулотларни бир жойдан иккинчи жойга ўтказишда воситачи вазифани ҳам бажарганлигини гувоҳи бўлишимиз мумкин.

Суғдликлар Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Византия ва бошқа кўплаб минтақа ҳудудларда савдо сотиқ ишлари билан ном қозонганлар. Улар томонидан олиб борилган маҳсулотлар; заргарлик буюмлари, қурол аслаҳалар, эгар жабдуқлар, қуритилган мевалар ва бошқа маҳсулотлари халқаро бозорда энг харидоргир маҳсулотлар сифатида тан олинган. Шу боисдан бўлса керакки ушбу юқорида тилга олиб ўтилган ҳудудларда суғдликлар ўз савдо марказларини ташкил қилганлар.

Чоч савдогарлари cуғдий тужжорлар билан четга маҳсулот олиб чиқиб, хориждаги манзилгоҳларда бир жамоа бўлиб истиқомат қилишган[9]. Бу борада узоқ йиллар давомида изланишлар олиб борган Л.Р. Кизласов V–VIII асрларда Шарқда амалга оширилган тижорат ишларининг аксариятини чочликлар амалга ошириб келганлар. Бу эса хоқонлик хазинасига катта даромад келтирибгина қолмасдан Чоч минтақа ҳудудида савдо сотиқ ишларини юритишда суғдликлар билан бевосита рақобатлаша олганликларини ҳам англатади.

Асрлар давомида шаклланган Суғд урбанистик маданияти Чочга ҳам ўз таъсир ўтказмасдан қолмаган. Илк ўрта асрларда воҳада 255 атрофида манзилгоҳлар, 30 дан зиёд қалъа ва шаҳарлар қурилиб, суғдий ва туркий шаҳарсозлик анъаналари ўзаро синтезлашди[10]. Ўнлаб шаҳарларда туркий ва суғдий қавмлар ёнма-ён яшаб, Чоч тараққиётига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшганлар.

Ёзма манбаларда чочликлар Суғд ва Фарғонада яшайдиган кишиларга ўхшаган, жасур, курашчан ва эрксеварлиги билан ажралиб турганлиги хақида сўз боради[11]. Бу борада Афросиёб деворий тасвирларида ҳам маълумот олиш мумкин ўзларини мард, юрти обод, ҳукмдори мухтор бўлган чочликлар ҳақида. Самарқандга ихшид Вархуман (Авархуман) (650/655-675) ҳузурига келган Хитой ва Чағониён элчилари қаторида Чоч элчиси ҳам бўлган[12]. Бу элчилик Чоч ҳукмдори Тўн тудун (658) томонидан Суғдга юборилган бўлиши мумкин.

Илк ўрта асрларда чочликлар суғдий аҳоли таъсирида уларнинг тили ва ёзувидан фойланганлар[13]. Суғдий тил бу ердаги туркий қатлам учун мулоқат тили вазифасини ўтаган. Воҳа ҳукмдорлари маҳкама ишларида суғдий тил ва ёзувдан фойдаланишди. VII–VIII асрларга келиб туркий ҳукмдорлар анъанавий суғдий ёзувли турк-суғд тангаларни муомалага киритишди[14]. Чочда суғдий тил ва ёзув қаторида туркий тил ва ёзув ҳам амал қилган. Чоч воҳасида нафақат суғдий ёзуви тили балки туркий тил ва ёзувидан ҳам фойдаланиб келинган. Бу борада Чоч атамаси II–III асрнинг биринчи ярмига оид Култепа шаҳри харобасидан топилган сопол сиртида[15] аниқланган ёзув намунасида ҳам буни аксини кўриш мумкин.

Чочга суғдийларнинг кириб келиши зардуштийликнинг ёйилишига ҳам туртки бўлган. Бунга 1871 йилда Тошкентдан ва 2001 йилда Тўйтепадаги Бешкападан топилган VI–VII асрларга оид остодонлар мисол бўлади[16]. Қолаверса, Чоч кўплаб диний конфессиялар кесишган минтақа бўлиб, бу ерда маҳаллий туркларнинг тангричилик, христианликнинг несториан оқими, монийлик каби динлари ҳам тарқалган [17].

Хитой олимлари суғдликларнинг Буюк Ипак йўли орқали бўлган халқаро савдо ва маданий алоқаларда катта ўрин тутганлиги хақида қуйидаги сўзларни баён қилишган. «Хитой билан Ғарб ўртасидаги ипак йўли ва иқтисодий, маданий алоқалар тарихида саклар, ҳунлар, суғдийлар, турклар ва уйғурларнинг қўшган ҳиссаси ниҳоятда катта бўлган. Саклар Евросиё шимолий савдо йўлини - яйловлараро ўтган ипак йўлини илк бор очган халқ ҳисобланса, суғдийлар милоддан аввалги V асрлардан бошлаб то милодий Х асргача бўлган тахминан 1500 йиллик давр давомида Ипак йўли орқали амалга оширилган алоқаларни ривожлантиришда ниҳоятда улкан ҳисса қўшган»[18]. умуман олганда хитойлик олимлар томонидан билдирилган маълумотлардан шу нарса аён бўладики Буюк ипак йўлини кейинги тақдирини белгилашда суғдликларнинг фаолияти муҳим аҳамиятга эга бўлган.

Адабиётлар рўйхати

1. Ходжаев А. Наиболее ранние сведения китайских источиков о государстве Шаш (Ташкент) // O’zbeкiston tarixi. – 2005. – № 2. – С. 3–18.

2. Ўша асар.18.

3. Бичурин Н.Я. Собрание сведений. Т. II. – М.: Наука. – С. 272–282; Смирнова О. И. Очерки из истории Согда. – М.: Наука, 1970. – С. 24–27.

4. Мукминова Р.Г., Филанович М.И. Ташкент на перекрёстке истории. – Ташкент: Фан, 2001. – С. 6.

5. Бичурин Н.Я. Собрание сведений о народах, обитавших в Средней Азии в древние времена. В 3-х томах. T. II. – М. – Л., 1950. – C. 273, 282, 313; Бобоёров Ғ. Чоч тарихидан лавҳалар (Илк ўрта асрлар). – Б. 33. Мухамедов Ё. Чоч воҳасида Ғарбий Турк хоқонлиги бошқаруви. Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертацияси автореферати. – Тошкент, 2021. – Б. 14-15.

6. Лившиц В.А. Согдийский посол в Чаче (док. А–14 с горы Муг) // СЭ. – 1960. – № 2. – С. 92–109.

7. Отахўжаев А. Илк ўрта асрлар Марказий Осиё цивилизациясида турк-суғд муносабатлари.Монография. –Т.: ART-FLEX, 2010. Б.7.

8. Ўша асар.......б.8

9. Хўжаев А. Суғдийларнинг Хитойга бориб қолиши // Мозийдан садо. – 2002. – № 2 (14). – Б. 42.

10. Бетгер Е.К. Извлечение из книги «Пути и страны» Абу-л-Касыма ибн Хаукаля // Тр. САГУ. – 1957. – Вып. IV. – С. 22–24.

11. Алимова Д., Филанович М. Тошкент тарихи (Қадимги даврлардан бугунги кунгача). Art flex.-Tошкент. 2007. Б.31.

12. Альбаум Л.И. Новые росписи Афрасиаба // СНВ. – Вып. Х. – М.: Наука, 1971. – С. 88–89.

13. Исхаков М.М. Палеографическое изучение согдийских письменных памятников: Автореф. дисс. ... док. истор. наук. – С. 3; Зуев Ю.А. Ранние тюрки: очерки истории и идеологии. – Алматы: Драйк-пресс, 2002. – С. 158.

14. Смирнова О. И. Каталог монет с городища Пенджикента. – С. 130– 134.

15. Отахўжаев А. Илк ўрта асрлар Марказий Осиё цивилизациясида турк-суғд муносабатлари.Монография. –Т.: ART-FLEX, 2010. Б.7. Буряков Ю. Ф. К истории раннесредневекового Чача // O’zbekiston tarixi. – 2002. – № 3. – С. 11.

16. Гафуров Б.Г. Таджики. Кн. 1. – С. 309, 359.Миносянц Б.С. Новые находки оссуариев из Тойтепа // O’zbekiston moddiy madaniyati tarixi, 33-nashri. – Самарканд, 2002. – С. 168-172.

17. Буряков Б.Ф. К истории раннесредневекового Чача. – С. 18–19.

18. Ходжаев А., Каримова Н. Ўзбекистон – Хитой муносабатлари тарихидан. Тошкент.2022.-Б.18.

19. Mukhamedov, Y. K. (2023). SOME COMMENTS ABOUT THE

ADMINISTRATIVE CENTERS OF THE WEST TURKIC KHANATE IN THE

TASHKENT OASIS. Journal of Social Sciences and Humanities Research Fundamentals, 3(08), 38-42.

20. Ochildiyev, F. B. (2022). SOCIO-POLITICAL PROCESSES IN THE

BUKHARA EMIRATE IN THE SECOND HALF OF THE XIX-EARLY XX

CENTURIES. CURRENT RESEARCH JOURNAL OF HISTORY, 3(03), 13-20.

21. Ochildiyev, F. B. (2023). TRADE RELATIONS OF THE EMIRATE OF

BUKHARA WITH INDIA IN THE 1960S AND 1980S. Oriental Journal of Social Sciences,3(03), 78-89.

22. Muhamedov, Y. (2021). The study of control system of chach’s oasis by foreign researchers in early middle ages. ACADEMICIA: An International Multidisciplinary Research Journal, 11(3), 2442-2448.

23. Mukhamedov, Y. Q. (2022). Chach administrative center of the western turkic khaganate. American Journal Of Social Sciences And Humanity Research, 2(05), 46-52.

24. Muhamedov, Y. (2021). Reforms Of The Western Turkish Khanate In The Chach Administration. The American Journal of Social Science and Education Innovations, 3(02), 133-140.

Text was extracted automatically from the PDF and may contain inaccuracies.