ХУСУСИДА
Раджабова Маржона Ахмадовна
Туркистон янги инновациялар университети доценти, ф.ф.ф.д. (PhD)
Cадуллаева Зарнигор Алишер қизи
Туркистон янги инновациялар университети магистранти
Аннотация. Ўтмишдан маълумки, инсоният пайдо бўлгандан бери салбий ва ижобий ҳолатларни образли ифодалаши орқали халқларнинг оғзаки нутқида мақоллар вужудга келган. Натижада инсонлар онгида турли хил образлар шаклланиб, бу бевосита мақолларнинг шаклланишида ҳам таъсир кўрсатган. Бу образлар халқнинг дунёқараши ва турмуш тарзидан дарак берувчи факторлардан бири ҳисобланади. Ушбу мақолада ўзбек халқ мақоллари мазмунидаги айрим образлар ифода этган семантик жиҳатлар ҳақида сўз боради.
Калит сўзлар: мақол, сематик хусусият, образ, ифода, халқ оғзаки ижоди.
Маълумки, ҳар бир тилда халқнинг турмуш тажрибалари асосида шаклланган ва донолигини ўз ифодасида мужасамлаштирган қисқа, насиҳат характеридаги мақоллар учраб туради. Мақоллар ўз семантикасида ҳар доим кўчма маънога эга бўлиб, рамзий бўёқдорлиги жиҳатидан бошқа тил бирликларидан ажралиб туради. Айниқса, мақоллар таркибида халқнинг донолиги ва дунёқараши асосида шаклланган образларнинг иштирок этиши шу тилда гаплашувчи инсонларнинг қадимий урф-одатлари ва ҳаётий тажрибалари билан боғлиқ бўлади.
Мақоллар ўзбек халқи оғзаки ижодининг маҳсули сифатида ҳозирги кунда олимлар ва тадқиқотчиларнинг диққат марказида бўлиб, улар таркибида образларнинг ўрганилиши тишунослик ва адабиётшунослик йўналишлари кесимидаги жараёндир.
Ўзбек халқ мақоллари Ҳ.Бердиёров, Р.Расулов, Ш.Шомақсудов, Ш.Шораҳмедов каби олимлар томонидан атрофлича ўрганилган бўлиб, ҳозирги кунда олиб борилаётган тадқиқотларда мақоллар икки ва ундан ортиқ тиллар доирасида қиёсий томондан тадқиқ қилинмоқда. Албатта, бир тил фондидаги мақолларни ўрганиш, улар таркибидаги образлар ифодалаган ижобий ва салбий жиҳатларни аниқлаш тадқиқотчидан машаққатли меҳнатни талаб этади. Масалан, М.А.Раджабова ўз илмий изланишларида ўзбек мақолларининг семантик таҳлилини амалга оширган. Олиб борган кузатишларимиз натижасида ўзбек тили мақоллари мазмунидаги айрим образлар қуйидаги маъноларни ифода этиши маълум бўлди:
1. Тинчлик, хотиржамлик маъносида: «Хивада моли борнинг Бухорода кўнгли тўқ» мақолида «бой кишининг ғазнасида пули бўлса, ҳеч нарсани, эртанги кунини ўйламай, кўнгли тўқ, хотиржам юраверади» деган мазмун бор.
2. Севги-садоқат, вафодорлик маъносида: ўзбек тилидаги «Лайлини кўриш учун Мажнуннинг кўзи керак», «Ишқда Тоҳир бўл, ишда моҳир бўл» («Тоҳир ва Зуҳра» номли халқ достони қаҳрамони Тоҳир чинакам севги, муҳаббат ва вафодорлик рамзи сифатида) каби мақолларда «севги» ва «садоқат» маънолари ифода этилган.
3. Орзу-истак маъносида: «Фил тушида Ҳиндистонни кўрар», «Сайёҳнинг орзуси – Довон ошмоқ» каби мақолларда «Ҳиндистон», «Довон» топонимлари «орзу-истак» маъноларини ифода этишга хизмат қилган.
4. Мақсад, интилиш маъносида: ўзбек тилида «Довон ошган чўққиларни кўзлайди» мақолидаги «Довон» қадимда Фарғона водийсида ташкил топган давлат номи бўлиб, мақолда шу жиҳатдан «эришилган ютуқ билан кифояланиб қолмасдан, олға интилишда давом этиш керак», деган маъно ифода этилган. «Излаганга – Эзид ёр» мақолига синоним сифатида «Интилганга тоъле ёр» варианти ишлатилади. Қадимги аждодлармизнинг эътиқодий тушунчасига кўра, Эзид – яхшилик худосининг номини англатади. «Изланган, ҳаракат қилган киши албатта муродига етади, унга Худо ёр бўлади», деган маъно яширинган ёки «Қидириб – қидириб, Маккани топса бўлур» мақолида ҳам «агар мақсад астойдил бўлса, ҳаракат қилиб, интилиб узоқ марраларга эришиш мумкин», деган мазмун бор. Бу ўринда «Макка» топоними «узоқ марра», «мақсад» маъносида қўлланилган.
5. Бойлик, мўл-кўлчилик маъносида: «Мирзаи азимда минг Хоруннинг хазинаси-ю, туман Жамшиднинг давлати бор», «Савр кирди – экинларга давр кирди», «Савр ёмғири – сариқ олтин» мақолларида «Хорун», «Жамшид», «Савр ойи» каби бирликлар «бойлик», «мўл ҳосил» маъноларини ифодалашга хизмат қилган.
6. Дўстлик маъносида: «Дўст тоғи – Қоф тоғи» (мифологик қарашларга кўра, Қоф – оламнинг чегараси – Ҳиндистонда жойлашган); мақол таркибида қўлланилган «дўстлик тоғи» Қоф тоғига ташбеҳ қилинган.
7. Ҳазилкашлик маъносида: «Ҳазил, ҳазилни тушунмаган – кал Фозил» ибораси ҳазил, мутойиба тарзида ишлатилади.
8. Бахт, омад маъносида: «Давлат қуши қўнса чивин бошига, Семурғ келар кунда унинг қошига» мақоли «бахт», «омад» маъносида қўлланилади.
9. Донолик, ақл-заковат маъносида: «Сўзнинг Луқмон тилидан айтилгани – хўб» мақолидаги Луқмони ҳаким – Шарқ халқлари орасида тенги йўқ ҳаким ва донолик тимсоли ҳисобланган афсонавий шахс.
10. Адолат, одиллик, ҳақиқат маъноларида: «Даъвогаринг хон бўлса, арзингни Аллоҳ эшитсин» – мазкур мақол таркибида «Аллоҳ» номи «адолатли», «одил» маъносини ифодалаб келган.
11. Ватанпарварлик маъносида: «Бир қўйликни минг қўйлик қилган – «Арслондининг ери, минг қўйликни бир қўйлик қилган – Арслондининг ели», «Ҳар кимнинг ўз юрти – ўзига Миср», «Туркистоннинг туби – жаннат», «Тошкентнинг тариғини еган чумчуқ Маккадан келади», «Қаршининг арпасини еган эшак Самарқанддан ҳанграб келади» сингари мақолларда тилга олинган жой номлари орқали Ватанга муҳаббат маъноси ифода этилган.
12. Айёрлик, муғомбирлик, алдов, иккиюзламачилик маъноларида: «Сувдан кетгунча эчкига «Рустам достон» дерлар» мақолига синоним сифатида «Сувдан ўтгунча ё Баҳовуддин, cувдан ўтгач, қоч Баҳовуддин», «Бўйин тузалгунча: Салом алайкум, ғоз ака, бўйин тузалгач, қоч нари тур, ғоз ака» кабилар қўлланилади. Кўчма маънода охирги икки мақолда қўлланган антропонимлар «иши битгунча ҳожати бор одамга иззат-ҳурмат қилиб, атрофида парвона бўлиб юрувчи, иши битгандан кейин эса тескари қараб кетувчи одамлар»га нисбатан ишлатилган.
13. Сафсата, қуруқ ваъда маъноларида: «Ойни олиб бераман»га бола ишонар» мақоли «сен бировнинг қуруқ ваъдасига ишонма, бундай гапларга эси кирмаган болалар ишонади» мазмунида ишлатилади.
14. Қўрқитиш, азоб-уқубат, шавқатсизлик маъносида: «Асфандиёр хон бўлди, оғзи – бурним қон бўлди», «Оллоҳ» дегунча уриб ўлдирмоқ» каби мақолллар мазмунида шавқатсизлик, жабр-зулм маънолари ифодаланган.
15. Очкўзлик ва хасислик маъносида: «Палов» деса – Пайшанбага чопади, «дўлма» деса – Душанбага» (Пайшанба, Душанба – Тожикистондаги шаҳарлар номи), «Эшонбозорда ит ўлса, «йигирма»сидан қуруқ қолмайди» ёки «Тўй, зиёфат, марака оши деса – «Ҳирот» боради» каби мақоллар текинтомоқ, очкўз, ебтўймас кишиларга нисбатан киноя тарзида ишлатилади. Хасислик маъносида ўзбек тилидаги «Бойлик десанг қоп-қоп, бир пул десанг Аштархондан топ» мақоли «бойлиги кўп бўлишига қарамай, зарурат юзасидан сўралганда ўзини олиб қочади» мазмунида қўлланилади.
16. Тентаклик, ахмоқлик маъноларида: «Бир ақлсизга ақл бергандан – Қоф тоғини эгов билан ун қилган осон» мақолида «ахмоқ одамга гапириб, насиҳат берсанг ҳам бефойда», дейилмоқчи ёки «Аҳмоққа Тўйтепа нима йўл?», «Аҳмоққа Қува – бир тош» мақолларида «ахмоқ инсон Тўйтепа ёки Қувага ҳам нодонлиги туфайли пиёда бораверади», деган маъно бор.
17. Жанжалкашлик, жиннилик маъносида: «Али жинни, Али жиннининг бари жинни» – «жиннилик, жанжалкашликда бир-биридан қолишмайдиган акаукалар» ҳақида; «Алиёр овга чиқди, кетидан ғавғо чиқди» – «жанжалакашлиги туфайли доим ғавғо келтириб чиқарадиган инсон» ҳақида.
18. Ишончсизлик маъносида: «Ишонмагин Алитозга, Алитоз қўяр ёзга» каби мақоллар киноя тарзида ишлатилади.
19. Кўнгилсизлик, хавф-хатар маъносида: «Кончи конига тушди, Азроил ёнига тушди» (кончиларнинг хатарли касби назарда тутилган), «Сафар ойи – хатар ойи» каби мақоллар мазмунида «ҳар бир дақиқада содир бўлиши мумкин бўлган хавф-хатар» маъноси ифодаланади.
20. Нодонлик, фаҳмсизлик маъноларида: «Мен Аштдан келсам, у даштдан келади» мақоли (варианти: «Мен боғдан келсам, у тоғдан келади», «Мен нима дейману, у нима дейди»)да «бир одам бировга дардини айтиб маслаҳат олмоқчи бўлса-ю, тинглаб турган одам ўзини гўлликка солиб, бефаҳмдай тутишига» ишора қилинган.
21. Адолатсизлик, ноҳақлик маъноларида: «Ишни қилар Машариф, муштни ейди Миршариф» мақол мазмунида ҳам ноҳақлик иллатига ишора мавжуд ёки «Ма санга, ма санга, нима қолди Ҳасанга» мақолига синоним сифатида «Ариқни кимлар қазийди, сувни кимлар ичади» варианти қўлланилади. Бунда исмнинг қўлланилиши шеърий қофияни таъминлашга қаратилган бўлса-да, мазмунидан адолатсизлик маъноси англашилади.
22. Ишёқмаслик, дангасалик маъносида: «Гап десанг қоп-қоп, пулни Олатоғдан топ» мақолининг «Гап десанг қоп-қоп, пулни Қоратоғдан топ», «Гап десанг қоп-қоп, пулни Самарқанддан топ», «Гап десанг қоп-қоп, пулни Кўҳи Қофдан топ», «Гап десанг қоп-қоп, пулни Ҳиротдан топ», «Гап десанг қоп-қоп, иш десанг, Самарқанддан топ» сингари бир неча синонимлари мавжуд. Эътибор берилса, мақоллар таркибидаги Қоратоғ, Олатоғ, Қўҳи Қоф оронимлари, Самарқанд, Ҳирот сингари хоронимлар дангасалик, ишёқмаслик семасини ифодалаб келади. Шеърий тарзда яратилган ушбу мақолларда тилга олинган топонимлар узоқ масофани билдириб келган ва ишёқмаснинг важию, баҳонасини очиб беришга хизмат қилган.
Юқоридаги тасниф ва таҳлиллар асосида ўзбек тили мақолларининг семантик мазмунида ижобий ва салбий образларнинг номлар орқали ифода этилиши авваломбор, ўзбек халқининг оғзаки ижоди, кундалик ҳаётидаги яхши ва ёмон кунлар, тарихий ҳодисаларга бориб туташганлигини кўрсатади. Таъкидлаш керакки, бу семаларни, биринчи навбатда, мақоллар таркибида келган номлар орқали англаш мумкин. Қолаверса, муайян семанинг доминантлашуви шу тилда сўзлашувчи халқларнинг асрлар давомида шаклланган урф-одат, анъаналарига ҳам боғлиқдир.
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ
1. Бердиёров Ҳ., Расулов Р. Ўзбек тилининг паремиологик луғати. – Тошкент: Ўқитувчи, 1984. – 237 б .
2. Radjabova М.А. Comparative study of phraseological units with naming features in non-related languages // Филология масалалари. – Тошкент, 2019. – № 1. – Б. 71-80.
3. Раджабова М.А. Ономастик компонентли фразеологик ва паремиологик бирликларнинг эквивалентлик тадқиқига доир // Илм сарчашмалари. – Урганч, 2019. - № 8. – Б. 57-64.
4. Раджабова М.А. Дунё тилшунослигида ономастик компонентли фразеологик бирликлар бўйича илмий-назарий қарашлар ва муносабатлар // Илм сарчашмалари. – Урганч, 2020. – № 2. – Б. 31-39.
5. Radjabova М.А. The classification of phraseological units with onomastic университети илмий ахбороти). – Бухоро, 2020. – № 6 (82), Б. 139-147.
6. Radjabova М.А. Semantic analysis of phraseological units with onomastic университети илмий ахбороти). – Бухоро, 2021. – № 2 (84), Б. 106-115.
7. Раджабова М.А. Классификация ономастических единиц во фразеологическом пласте узбекского языка // International scientific review LXI Международная научно-практическая конференция. «Международное научное обозрение проблем и перспектив современной науки и образования». – Франция, Париж, 2019. – № 1 (41). – C. 22-25. (Russian Impact Factor: 0.25)
8. Раджабова М.А. Отражение национально-культурных особенностей во фразеологических и паремиологических единицах русского языка с ономастическим компонентом // IX Международная заочная научнопрактическая конференция «Современные инновации в эпоху глобализации: теория, методология, практика» –Москва, 2019. – № 4 (32). – С. 23-26.
9. Раджабова М.А. Ономастик таркибли фразеологизмларнинг таржимашуносликдаги ўрни // «Integration of Pragmalinguistics, functional Translation Studies and Teaching Progress» мавзусидаги Халқаро илмий-назарий анжуман. – Бухоро. – 2020. – Б. 351-355.
10. Раджабова М.А. Ономастик компонентли фразеологик бирликларни қардош бўлмаган тилларда берилишида юзага келадиган муаммолар ва уларнинг келиб чиқиш омиллари // «Чет тилларни ўқитиш методикасини такомиллаштиришда инновацион ғоялар ва янги методларни ривожлантириш» мавзусидаги республика илмий-амалий анжуман материаллари. – Тошкент, 2019. – Б. 253-256.
11. Раджабова М.А. Миллий хусусиятга эга фразеологик бирликлар таржимаси // «Адабиётшунослик ва таржимашуносликнинг долзарб муаммолари: адабий жараён, қиёсий адабиётшунослик, услубшунослик ва тилшунослик масалалари» мавзусидаги республика илмий-амалий конференция материаллари тўплами. – Бухоро, 2019. – Б. 198-200.
12. Radjabova M.A. The translation problems of religious onomastic units in the phraseological layer of the language // Middle European Scientific Bulletin. – Czech Republic, 2021. – № 15.
13. Раджабова М.А. Ономастик компонентли фразеологик бирликларнинг таржима муаммолари // Eurasian Journal of Social Sciences, Philosophy and Culture. – Uzbekistan, 2022. – № 2 (2), P. 95-99.
14. Раджабова М.А. Ономастик бирликларнинг фразеологизмлар таркибидаги гендер хусусиятлари // Бухоро давлат университети илмий davlat universiteti Ilmiy axboroti. – Buxoro, 2022. – № 4 (92), B. 92-98.
15. Radjabova M.A. Qur’oni Karim dunyo olimlari nigohida // International Scientific Conference “Innovative Trends in Science, Practice and Education”. – Germany, 2022. – Vol.2, P. 178-181.
16. Radjabova M.A. The Etymology of religious toponyms // American Journal of Philological Sciences. – 2023. – Vol.3, Iss. 05, P. 5-9.
17. Шомақсудов Ш., Шораҳмедов Ш. Маънолар махзани. – Тошкент: Ўзбекистон Миллий энциклопедияси, 2001. – 448 б.
Text was extracted automatically from the PDF and may contain inaccuracies.