УДК 378.147
БИР СОАТЛИК ДАРС – ЙИРИК БИР АСАРДИР
Ҳ.А.Равшанов – т.ф.д., профессор в.б. “ТИҚХММИ” МТУнинг
Қарши ирригация ва агротехнологиялар институти
Аннотация: Мақолада умумбашарий қадриятлар асосида таълим-тарбия жараёнини ташкил этишда ўқитувчининг педагогик маҳорати ва касбий хусусиятлари келтирилган. Ўқитувчилик шарафли, шу билан биргаликда ўта масъулиятли ва машаққатли касб бўлиб, фидоийликни, ҳалолликни, кўп меҳнатни, ўз устида доимий ишлашни, замон билан ҳамнафас бўлишни, билим олувчининг ишонч ва ҳурматини қозонишни, педагогик маҳоратни талаб этади. Зотан, педагогик маҳорат - ўқув, билим, кўникма, малака, машқ ва ақл ҳосиласидир.
Калит сўзлар: педагогик фаолият, педагогик маҳорат, касбий билим, педагогик қобилият, педагогик муомала, педагогик ижод, педагогик маданият, педагогик техника, назарий билим, методик билим, дикция (талаффуз), нутқнинг тезлиги, нутқ ритми, нутқ тембри, билим, кўникма, малака, машқ.
Аннотация: В статье приведены особенности педагогического и профессио-нального мастерства преподователя в организации воспитательно – образовательного процесса на основе общечеловеческих ценностей. Профессия преподавателя – это почётная и в то же время очень ответственная и трудоемкая профессия. Чтобы заслужить доверие и уважение обучаемого требуется честность, преданность своему делу, большой труд, постоянная работа над собой и педагогическое мастерство, которое состоит из производных: учёбы, знаний, навыков, квалификации, упражнений и ума.
Ключовая слова: педагогическая деятельность, педагогическое мастерства, профессиональное знание, педагогическая способность, педагогическое общение, педагогическое творчество, педагогическая культура, педагогическая техника, теоретическое значение, методические знания, дикция (произношение), скорость речи, ритм речи, тембр речи, знание, навык, квалификация, упражнение.
Annotation: Peculiarities of pedagogical and professional masteru of a teacher in organization of educational process on the base of human traditions are given in the article. The teacher is an honoraru profession. At the same time is hard and requires great responsibilitu. In order to win the confidence and respect of a pupil it is required honestu, loaltu, hard and constant work, pedagogical skills. Pedagogical masteru consists of studies, knowledge, experience, qualification, exercises and mind.
Key words: Pedagogical activity, pedagogical skill, professional knowledge, pedagogical ability, pedagogical communication, pedagogical creativity, pedagogical culture, pedagogical technique, theoretical significance, methodological knowledge, diction (pronunciation), speed of speech, rhythm of speech, timbre of speech, knowledge, skill, qualifications, exercise.
Халқнинг бой интеллектуал мероси ва умумбашарий қадриятлари асосида, замонавий маданият, иқтисодиёт, фан, техника ва технологияларнинг ютуқлари замирида кадрлар тайёрлашнинг мукаммал тизимини шакллантириш Ўзбекистон Республикаси тараққиётининг муҳим шартидир.
Ўзбекистон Республикаси Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида белгиланган устувор вазифаларни амалга оширишда, юксак маънавий ва ахлоқий фазилатларга эга, юқори малакали, рақобатбардош кадрларни тайёрлашда педагогларнинг ўрни беқиёсдир. Жамиятни юқори малакали мутахассислар билан таъминлашда, комил инсонни тарбиялашда, таълим сифатини кўтаришда профессор-ўқитувчиларнинг салоҳияти, уларнинг педагогик маҳорати таълимтарбия жараёнида асосий омил ҳисобланади. Буюк аллома А.Авлоний таъкидлаганидек, “Устоз - муаллим биринчи навбатда билимли, одоб-ахлоқли, кийиниши ва юриш - туриши билан фақат ўзининг ўқувчи ва талабаларига эмас, балки бутун инсониятга намуна бўлиши керак”. Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси “Таълим тўғрисида”ги Қонунининг 5-моддасида “Тегишли маълумоти, касб тайёргарлиги бор ва юксак ахлоқий фазилатларга эга бўлган шахслар педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга” деб кўрсатилган.
Таълим муассасаларида давлат таълим стандартлари ҳамда фан дастурларининг тўлиқ ва сифатли бажарилиши ҳар томонлама ўқитувчига, унинг билим ва малакасига, масъулиятлигига, фидоийлигига, қолаверса виждонига боғлиқдир. Ҳозирги замон ўқитувчиси ўз фанини мукаммал билиши, дарс жараёнида педагогик технологияларни қўллай олиши, замонавий ахборот технологияларини яхши ўзлаштирган бўлиши, маънавий-ахлоқий пок ва сиёсий дунёқараши юқори бўлмоғи лозим. Шу ўринда, немис педагоги Адольф Дистервег “Ҳар қандай таълим ва тарбияда энг асосий фигура - муаллим, унинг тафаккур дунёсидир” деб ёзади.
Ўқитувчилик шарафли, шу билан биргаликда ўта масъулиятли, мураккаб, машаққатли касб, шунингдек, у энг мураккаб санъат бўлиб, фидоийликни, ҳалолликни, кўп меҳнатни, ўз устида доимий ишлашни, замон билан ҳамнафас бўлишни, талабанинг ишонч ва ҳурматини қозонишни, педагогик маҳоратни талаб этади. Бир соатлик дарс – йирик бир асарга тенглаштирилади. Шундай экан, ҳар бир ўқув машғулотига пухта тайёргарлик кўриш, халқимизнинг таълимтарбия соҳасидаги бой тарихи, анъаналари, буюк аждодларимизнинг илмий меросларидан фойдаланган ҳолда ўқув машғулотларини самарали ташкил этиш ҳар бир профессор-ўқитувчининг асосий вазифасидир.
Бинобарин, пухта, мукаммал билимга ва педагогик маҳоратга эга бўлмаган ўқитувчи тўлақонли дарс ўта олмайди. Бугунги ёшлар илмга чанқоқ ва интилувчандир. Уларга фақат ҳалол-пок билим бериш керак. Дўқ уриб, қўполлик қилиб, ҳақоратли сўзлар билан талабаларнинг иззат-нафсига тегиб билим ўргатиб бўлмайди. Чунки, билим олиш ҳам ижодий фаолият ҳисобланади. Дарс мавзусига тегишли бўлмаган турли хил воқеа-ҳодисалар ҳақида гапириб, талабалар вақтини беҳудага сарфламаслик лозим. Буюк педагог Ральф Уолд Эмереон “Таълимнинг сири ўқувчига ҳурматда бўлишдадир” деб ёзади. Ўқитувчи дарс ўтишда педагогик маҳоратли, ўта маданиятли, талабчан бўлиши ва тартиб-қоидаларга қатъий амал қилиши шарт. “Намуна кўрсатган ҳолдагина инсон энг юксак натижаларга эришади” деб таъкидлаган педагог С.Цвейг.
Педагогик маҳорат – бу педагогик жараённи тўғри ташкил қилиш, бошқариш, кутилаётган натижаларни олдиндан лойиҳалаштириш ва амалга ошириш, таълим-тарбия жараёнини моҳирлик билан бошқаришдир.
Педагогик фаолият – қуйидаги таркибий қисмлардан иборат:
➢ педагогик фаолиятнинг мақсади; педагогик фаолиятнинг объекти; педагогик фаолиятнинг субъекти; педагогик фаолиятнинг воситалари.
Ўқитувчи педагогик маҳоратининг асосий таркибий қисмларини қуйидагилар ташкил қилади:
❖ ўқитувчи шахсиятининг инсонпарвар йўналиши; касбий билимлар; педагогик қобилият; педагогик муомала; педагогик ижод; педагогик маданият; педагогик назокат; педагогик техника.
Педагогик фаолиятда ўқитувчининг шахсий сифатларида етакчи ўринни инсонпарварлик, софдиллик, поклик ва адолат эгаллаши шарт.
Касбий билимлар мукаммал бўлиши учун қуйидагилар талаб этилади: фан методологияси – жамиятнинг таълим ва тарбия соҳасидаги талаб ва вазифаларининг фалсафий асосларини билиш; назарий билимлар – фаннинг қонун ва қонуниятларини, қоида ва тамойилларини билиш; методик билимлар – таълим жараёни тузилишининг моделини амалий ва назарий жиҳатдан туза олиш; таълимнинг технологик томони – таълим ва тарбия соҳасидаги амалий вазифаларни самарали ҳал эта олиш.
Педагогик фаолиятда қуйидаги етакчи педагогик қобилиятлар муҳим аҳамият касб этади: коммуникатив қобилият – билим олувчиларни ўзига ишонтира олиш, мулоқотга тез киришиш, очиқлик; перцептив қобилият – касбий ҳушёрлик, эмпатия (бошқа шахсларнинг ҳис-туйғу ва кайфиятига шерик бўлиш); ўқитувчининг шахсий ҳаракатчанлиги – ички куч (энергия) етарли бўлиши, дарс ва дарсдан ташқари жараёнда ҳаракатчан, ташаббускор, ўқувчиларни ўз ортидан эргаштира оладиган бўлиш; ҳиссий турғунлик - ўзўзини (кайфиятини, ҳис-туйғусини, асаб ва руҳий ҳолатини) бошқара олиш; билим олувчининг келажагига ишонч – билим олувчининг ижобий томонларини, яхши сифатларини излаш, топиш ва ривожлантириш; креактивлик – воқеликка, ҳодисаларга, дарсга ноанъанавий ёндошиш.
Педагогик маҳоратда педагогик муомала - ўқитувчи касбий фаоллигининг бир кўриниши бўлиб, таълим-тарбияда шу жараён иштирокчиларининг ўзаро таъсири ва ҳамкорлигини акс эттиради. Педагогик ижод – ўқитувчининг маҳорат пиллапояларидан кўтарилишида яратувчанликни, ташаббускорликни, педагогик уддабуронликни ва янгиликка элтувчи йўлни англатади. Педагогик маданият - ўқитувчилик бурчи, масъулияти, қадр-қиммати, виждони, ахлоқий эътиқодини назарда тутиб, унинг талабчанлиги, адолати, комиллиги, ростгўйлиги, тўғрилигини ифодалайди. Педагогик маҳорат тизимида педагогик назокат (такт) – ўқитувчининг педагогик мақсадга мувофиқ, фойдали, қимматли ҳаракатларининг ўлчови, меъёри ва таъсир воситасининг чегараси сифатида характерланади.
Педагогик техника – ўқитувчи фаолиятининг ташкилий шакли бўлиб, ўқитиш жараёнида таълим олувчиларга таъсир кўрсатиш, ўқув материалини ҳистуйғу, нутқ ва новербал мулоқот орқали етказа бериш санъатидир. Педагогик техника - қуйидаги таркибий қисмлардан ташкил топган: ўқитувчининг ўз ҳаттиҳаракатларини бошқариши; жамоага ва шахсга таъсир эта олиш малакаси. Ўқитувчининг ўз хатти-ҳаракатларини бошқариши қуйидагилардан иборат: ўз гавдасини бошқара олиши; ўз ҳис-туйғусини, кайфиятини бошқара олиши; ижтимоий перцептив қобилияти; нутқ техникаси. Ўқитувчининг жамоага ва шахсга таъсир эта олиш малакаси қуйидагилардан иборат: дидактик малака; ташкилотчилик малакаси; конструктив малака; коммуникатив малака.
Нутқ маданияти - адабий тил меъёрларини пухта эгаллаш ва улардан нутқда тўлиқ фойдаланиш демакдир. Ўқитувчи нутқ маданиятига эга бўлиши, ўқув материалини бадиий, равон, тушунарли тилда баён қилиши, унинг нутқида шевадаги сўзлар бўлмаслиги керак. Нутқда дикция (талаффуз) сўзларга урғуни тўғри бериш муҳим аҳамият касб этади. Нутқнинг тезлиги, сўзларнинг жаранглаши, тўхтам (пауза)ларга риоя қилиш нутқнинг ритмини ташкил этади. Нутқда тембр - овознинг ширалиги, оҳанги, очиқлиги ва ёқимлилиги муҳимдир. Ўқитувчининг ҳаддан зиёд бақириб ёки паст гапириши, бир хил темпда тушунтириши талабаларни қизиқишини сўндириб, лоқайд қилиб қўяди. Нутқнинг тушунарли, чиройли, бадиий, равон бўлиши ўқитувчининг сўз бойлигига боғлиқ бўлиб, билим олувчиларни фаол бўлишга ундайди.
Педагогик маҳоратнинг юқорида келтирилган таркибий қисмлари ўқитувчининг касбий лаёқатларини бойитади ва уни моҳирлик сари етаклайди ва ўқитувчида педагогик маҳорат малакаларининг таркиб топишига ёрдам беради. Педагогик маҳорат тизимида унинг асосий компонентларидан ташқари касбий хусусиятлар ҳам мавжуд. Педагогнинг касбий хусусиятларига: ўз касбини, талабаларни севиши, зийраклиги, ҳозиржавоблиги, вазминлиги, педагогик салоҳияти, тасаввури, иқтидори, ташкилотчилиги, илмий савияси, касбий лаёқатлилиги, маънавий бойлиги, интеллекти, янгиликни англай ва қўллай олиши, касбий маълумотни мунтазам оширишга интилиши ва бошқа фазилатлари киради.
Педагогик маҳорат - муайян тайёргарлик жараёнларидан иборат. Бу тайёргарликни шартли равишда қуйидаги йўналишларга ажратиш мумкин: педагогнинг шахсий фазилатлар бўйича тайёргарлиги; педагогнинг руҳий - педагогик тайёргарлиги; педагогнинг илмий-назарий тайёргарлиги; педагогнинг махсус ва ихтисосга оид услубий тайёргарлиги.
Педагогик маҳорат – ўқитувчининг шахсий ва касбий сифатлари йиғиндиси, педагогик-психологик, методик билимлар мажмуасидан иборат. Бунинг учун, ўқитувчи:
❖ ихтисослик бўйича илм-фан, техника тараққиёти даражасида мукаммал билимга эга бўлиши, фаннинг фанлараро боғлиқлигини таъминлаш малакасига эга бўлиши;
❖ ўқув-тарбия жараёнини тўғри ташкил қила олиш, муайян педагогик - психологик, методик маълумотга эга бўлиши;
❖ талабаларнинг қизиқиши, интилишларини тушуна олиш ва ўқувчилар фаолиятида учрайдиган қийинчиликларни тушуниш ва уларни ўз вақтида англай олиш, зукколик билан ҳар бир талабанинг характери, психологик хусусияти, қобилияти, иродасини англай билиш ҳамда уларга тарбиявий таъсир кўрсатишнинг шакл, усул, воситаларидан хабардор бўлиши;
❖ ўз шахсий сифатларини такомиллаштириш малакасига эга бўлиш керак.
Машҳур Нақшбанд тариқатида шундай ҳикмат бор “... Адаб бу хулқни чиройли қилиш, сўзни ва феълни соз қилишдир. Хизмат одоби улуғ бахтдан яхшироқ, унинг белгиси амалнинг қабули, туғён эса амалнинг бузуқлигидир. Адабни сақлаш - муҳаббат самараси, яна муҳаббат дарахти, яна муҳаббат уруғи ҳамдир”.
Демак, ўз касбининг моҳир эгаси бўлиш учун ўқитувчи мунтазам ўз устида ишлаши, табиатдан, санъатдан, ҳаётдан, фандан баҳра олиб, ривожланиб, мукаммаллашиб боргандагина мақсадга эришади. Инсон психологиясининг моҳир устаси Ф.Н.Гоноболин таъкидлаганидек “Ўқитувчи ўзининг бутун куч – қувватини, иродасини, билимини, ўзида бор ҳамма яхши нарсаларини ўз шогирдларига, халққа беради. Аммо, у ўзида бор нарсаларнинг ҳаммасини бугун, эртага, индинга берса-ю, ўз билимини, кучини, қувватини яна ва яна тўлдириб бормаса, у ҳолда ўзида ҳеч нарса қолмайди. Ўқитувчи бир томондан ўзида борини бериши, иккинчи томондан булут сингари, ҳаётдан, фандан, нимаики яхши нарсалар бўлса олишга одатланмоғи, халқнинг энг илғор кишилари билан ҳамкорликда ишламоғи лозим. Ана шундай бўлганда, у ўз талабаларига қанча кўп нарса бермасин, агар халқдан, ҳаётдан, фандан озиқланиб, энг яхши хислатларни ўқий олса, у ҳолда, унда ўз талабалари учун бундай ризқли ширалар ҳамиша ортиғи билан мавжуд бўлади”.
Бинобарин, буюк немис педагоги Адольф Дистерверг ўқитувчининг мунтазам равишда фан билан шуғулланиши ҳақида гапириб, шундай ёзган эди: “Ўқитувчи мунтазам равишда фан билан шуғулланмоғи лозим. Акс ҳолда у қуриган дарахт ва тошга ўхшаб қолади. Қуриган дарахт ва тош мева бера олмаганидек, келажакда бу ўқитувчидан ҳеч натижа кутиб бўлмайди”.
Ўқитувчиларнинг фаолиятини узоқ вақт кузатиш, натижаларни илмий асосда ишлаб чиқиш, таълим муассасаси раҳбарларининг ўқитувчилар ҳақидаги фикрларини синчиклаб ўрганиш, ўқитувчи фаолиятининг педагогик қобилиятлар тизимида тадқиқ қилган олима Н.В.Кузмина шундай ёзади: “Таълим - тарбияда рўй берадиган кўпгина камчиликлар ўқитувчининг педагогик қобилиятининг амалий йўналишини яхши билмаслик, истеъдоднинг ўқитувчида йўқлигидир”.
Педагогнинг иш соҳасида талабалар, уларнинг ота-оналари ва ҳамкасблари билан алоқасидан иборат яхлитлик - педагогик фаолият ва педагогик маҳорат асосини ташкил этади. Зотан, педагогик маҳорат - ўқув, билим, кўникма, малака, машқ ва ақл ҳосиласидир. “Педагог, - деб ёзади Ян Амос Коменский, соф виждонли, ишчан, саботли, матонатли ўқувчиларга ўзи сингдириши лозим бўлган фазилатларнинг ибратли кишиси бўлиши, кенг маълумотли ва меҳнатга лаёқатли инсон бўлиши лозим. У ўз фанини беҳад севиши, ўқувчиларга бамисоли оталардек муомалада бўлиши ва ҳар бир илм олувчи қалбида билимга ҳавас туғдириши лозим”. Буюк рус педагоги А.С.Макаренко айтганидек: “Тарбиячи ташкил этишни, юришни, ҳазиллашишни, қувноқ ёки жаҳлдор бўлишини билиши лозим. У ўзини шундай тутиши керакки, унинг ҳар бир ҳаракати тарбияласин ва ўқитсин”.
Педагогик фаолиятда етарли маҳорат ва малакага эга бўлган педагог ўзўзини назорат қила олади, педагогик фаолияти давомида соғлом асаб тизимини ўзида тарбиялай олади, асабийлашишдан, ҳиссий ва ақлий зўриқишлардан ўзини асрайди.
АДАБИЁТЛАР
1. Мамедов К.Қ., Бердиев Г.Ж. Педагогик технологиялар ва педагогик маҳорат. - Тошкент, ТошДУ, 2003 й.
2. Толипов Ў., Усмонбоева М. Педагогик технологияларнинг татбиқий асослари.- Тошкент: “Фан” нашриёти, 2006 й.
3. Тажиев М., Алимов А.Я., Қўчқоров Д.У. Педагогик технология–таълим жараёнига татбиғи. - Тошкент: “Тафаккур” нашриёти, 2010 й.
Matn PDFdan avtomatik ajratib olingan va xatoliklar bo'lishi mumkin.