ҲУҚУҚ ТАРТИБОТ ОРГАНЛАРИДА ПСИХОЛОГИК ХИЗМАТ
Термиз Давлат университети Ижтимоий фанлар факултети Психология
кафедраси доценти
Джураев Ташпулат Сахиевич
Калит сўзлар: психологик хизмат, психологик маслаҳат, психологик хизмат тарихи, психик ҳаёт,инсон омили, ҳуқуқ тартибот органлари,ижтимоий ҳаёт, бошқа фанлар билан алоқадорлик
Психологик хизмат тушунчаси ва уни ташкил этиш тарихи
Психологик хизмат - психологияни амалиётда қўллаш тизимидир. У ишлаб чиқариш, халқ таълими, соғлиқни сақлаш, спорт, юридик ва ҳоказоларда психологик экспертиза, ташҳис ва маслаҳат вазифасини бажаради.
Оламда энг олий хилқат ҳисобланган Инсонни ўрганиш, уни тарбиялаш, унга алоҳида хизмат кўрсатиш муаммоси бутун инсоният пайдо бўлишганидан бери долзарблигини йўқотмаган. Инсонни билиш ва унинг ташқи (реал) ва ички (идеал) оламига адекват таъсир кўрсатиш ва шу таъсирлар орқали уни бошқариш мумкин. Инсон тараққиёти ва фаоллиги, энг аввало, унинг ижтимоий манфаатлари, мафкуравий қарашлари ижтимоий интеллектуал салоҳиятига таъсир этувчи омиллар билан белгиланади ва баҳоланади. Инсоннинг шаклланиши унга хизмат кўрсатувчи тизимларнинг муваффақиятли ишлаши мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий ва илмий-амалий ислоҳотларнинг ҳосиласи ҳисобланади. Шу маънода психологик хизмат ўзининг шаклланиши ва тузилишига кўра фақат инсонга ва унинг ўзига хос ижтимоий-психологик тараққиётига бевосита хизмат қилиши билан муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги кунда барча ташкилот ва органларда, меҳнат ва таълим муассасаларида, маҳаллалардаги аҳолининг турли қатламларида психологик хизмат тизимини жорий этиш учун ўзининг соҳасига доир “Низом”лари ишлаб чиқилмоқда.
Психологик хизмат фанининг ривожланиш тарихи
Психологик хизмат Америка Қўшма Штатларида 1800 йиллардан бошлаб ривожлана бошлади. Америка Қўшма Штатларининг биринчи амалиётчи психологлари ўз-ўзини тарбиялаш муаммосини ўрганган экспериментал психологлардир. Америка мактабларида ақлий тараққиёт коэффицентини аниқлаш кенг тарқалиб, кейинчалик «Гайденс» хизматининг ривожланишига олиб келди.
Француз мактаб психологиясининг отаси Альфред Бине бўлиб, у бу соҳада 1894 йилдан бошлаб иш бошлаган. 1905 йилда Франция таълим вазирлиги Бинега умумий дастур бўйича ўқий олмайдиган болаларни текшириш муаммоси билан мурожаат қилади ва шу тариқа ақлий тараққиётда орқада қолган болаларни ажратадиган Бине-Симон тести яратилди.
1990 йилда Францияда мактаб психологик хизмати ташкил этилади. 1970 йилда Францияда психологик-педагогик ёрдам гуруҳлари психологик хизматнинг асосий турини ташкил этади. Бундай гуруҳлар мактаб психологияси бўйича бир мутахассис, таълим психологияси бўйича бир мутахассис, психомотор ривожланиш бўйича бир мутахассисни ўз ичига олади. Бундай бригада 800-1000 ўқувчига хизмат қилади, бир мактабда жойлашиб, бир неча мактабга хизмат қилиши мумкин.
1985 йилда Франция педагогик психологларининг функциялари аниқлаб берилди. Педагогик психолог шахснинг ҳар томонлама ривожланиши учун қўлидан келган барча ишларни қилиши керак, бунда у мазкур ишларга ўқитувчиларни ва ота-оналарни ҳам жалб этиши мумкин. Педагогик психолог ўз ишида лозим топса, мактаб ва оила тарбиясига қарши чиқиши мумкин, деб махсус таъкидланган.
Кўпчилик Шарқий Европа мамлакатларида мактаб психологик хизмати туман ёки вилоят психологик-педагогик марказлари шаклида ташкил этилган. Масалан, 1980 йилда Чехославакияда тарбия масалалари бўйича модда мактаб тўғрисидаги қонунга киритилди. Психологик хизматнинг асосий мазмуни – соғлом шахснинг ўсишини таъминлаш, шахс ривожланишидаги турли қийинчиликларни коррекция қилиш, касб танлаш муаммоларидир. Чехославакиядаги психолог маслаҳатчининг асосий функцияси психодиагностик фаолиятдан иборатдир.
Собиқ совет психологиясида болалар тарбияси ва таълимида психологиядан фойдаланиш борасида уринишлар педология доирасида вужудга келди. Педология ривожланаётган ва ўсаётган шахснинг барча биологик ва ижтимоий хусусиятларини қамраб олувчи фандир. 1936 йилда педологик қарашларини тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилинди, шу билан бирга рус психологлари амалга ошираётган бола психологиясидаги ижобий изланишлар ҳам тўхтаб қолди. Фақат 60 йилларнинг охирига келиб, психологларнинг мактаб ишида амалий иштирок этиши қайта тикланди.
Эстон психологлари «тарбияси қийин» ўсмирлар учун махсус мактабларда иш олиб бордилар. 1984 йилда Москвада ФА психология институтида «Психологик хизмат муаммолари бўйича I умумиттифоқ анжумани бўлиб ўтди. Анжуманда мактабда психологик хизмат секцияси ҳам иш олиб борди.
Биринчи бўлиб Эстонияда 1975 йилда мактабда психологик хизмат ташкил этилди (раҳбари Х.И.Лийметс, Ю.Л.Сыэрд бўлиб, тарбияси қийин ўсмирлар учун махсус мактабларда иш олиб бордилар). Россияда 1981 йилда мактабларда психолог штати очилди. И.В.Дубровина психологик хизматнинг ривожланишига улкан улуш қўшган, у ушбу мавзуда докторлик диссертациясини ёқлаган ва бир қанча асарлар муаллифидир.
1989 йил Ўзбекистонда амалиётчи психологларнинг етишмаслиги сабабли Низомий номли ТДПУ амалиётчи психологлар тайёрлаш факультети очилди. Ўзбекистонда психологик хизматнинг ривожланишида М.Г.Давлетшин, Э.Ғ.Ғозиев, Б.Р.Қодиров, Ғ.Б.Шоумаров, В.М.Каримова, Ш.Р.Баратов,Э.Н.Саттаров, Ф.С.Исмагилова, З.Т.Нишанова, Н.С.Сафоев, Ф.И.Ҳайдаров, С.Х.Жалилова ва бошқалар ҳисса қўшганлар. 1998 йилда Ш.Р.Баратов “Таълим тизимида ва ишлаб чиқаришда психологик хизматни ташкил этишнинг психологик хусусиятлари” мавзусида докторлик диссертациясини ёқлаган. ва вазифалари
Психологик хизмат фани бошқа турдош бўлган фундаментал фанларнинг ҳосиласи сифатида юзага келган бўлса-да, бугунги кунда бу фан ўзининг алоҳида объекти, субъекти, предмети ва вазифаларига эгадир. Чунки, ҳар қандай мустақил фан бошқа фанлардан ўзининг мана шу хусусиятлари билан ажралиб туради. Қолаверса, фаннинг аниқ йўналтирилган объекти, предмети ва вазифаларини тўғри англамай туриб мазкур фаннинг тарихи, бугуни ва келажаги ҳақида мулоҳаза юритиб бўлмайди.
Шундан келиб чиқиб, ҳуқуқ тартибот органларида психологик хизмат фанининг предмети ва асосий вазифаларининг белгиланиши муҳим аҳамият касб этади. Гарчи кундалик мулоқот давомида бошқа одамларни кузатиб борган кишилар хулқ-атворининг турли хил омиллари (ҳаракатлар, қилиқлар, иш бажариш ва ҳаказолар) билан бевосита муносабатда бўлсалар ҳам амалда ўзаро биргаликда ҳаракат қилишга бўлган эҳтиёж уларни ташқи хулқ-атвор ортида яшириниб ётган психик жараёнларни фарқлай билишга мажбур қилиши табиий.
Ҳуқуқ тартибот органлари ходимларининг ҳатти-ҳаракатлари замирида ҳамиша дастуриламал бўлган мақсадлар, майллар, у ёки бу воқеадан таъсирланиши замирида эса шахс ҳарактеридаги асосий белгилар муҳим ўрин тутади. Ушбу белгиларни ўрганиш, тадқиқ қилиш, коррекциялаш психологик хизматнинг муҳим вазифаларини белгилаб беради. Ижтимоий ва шахсий тажрибада юзага келган содда психологик маълумотлар илмий психологиягача яратилган психологик билимларни ташкил этади. Улар анча кенг миқиёсли бўлиши, маълум даражада теварак-атрофдаги кишиларнинг хулқатворига қараб иш қилишга ёрдам бериши мумкин.
Психологик хизматнинг предмети нималардан иборат? Илмий психологиянинг предмети дейилганда, аввало, психик ҳаётнинг конкрет ҳодисалари назарда тутилади, психик ҳаётга доир ҳар бир ҳодиса эса ҳам миқдор, ҳам сифат жиҳатдан характерли хусусиятларга эга. Масалан, психология фани инсоннинг теварак-атрофдаги нарсаларни идрок қилиш жараёнини текшириб, жуда муҳим сифатларни аниқлаган, идрок шароитлари ўзгариб турса-да, идрок қилинган предметнинг инсон онгидаги образи нисбатан ўзгармай қолаверар экан.
Умуман, психологик хизмат фанининг предмети ҳақида жуда кўплаб илмий мулоҳазалар мавжуд. Жумладан, бир гуруҳ олимлар мазкур фаннинг предметини инсон омили ва унинг ижтимоий-психологик табиати билан бевосита боғлаб талқин қилсалар, бошқа бир гуруҳ олимлар эса ушбу фан предметини унинг назарий-методологик ҳамда илмий-амалий методлари асосида талқин қилинишини тавсия этадилар. Ушбу талқинларнинг иккаласида ҳам маълум даражадаги фундаментал асосларнинг мавжудлигини кўрамиз.
Дарҳақиқат, ҳуқуқ тартибот органларида психологик хизмат фанининг предмети, энг аввало, инсон омили ва унинг психологик имкониятларини ўрганиш, тадқиқ қилиш ҳамда шу асосида унга бирор бир ёрдам кўрсатишни тақозо этади. Бунинг учун эса, албатта, турли–туман методлардан фойдаланиш мумкин.
Айни пайтда, аҳолининг турли қатламлари билан индивидуал ва гуруҳий суҳбатлар ўтказиб, шу суҳбат натижалари асосида муайян мақсадга йўналтирилган психотренинглар олиб бориш, илмий оммабоп адабиётларни яратиш ва уларни тарқатиш, ўрганиладиган объектларда тизимли равишда психоконсултатив, психодиагностик, психопрофилактик ва психокоррекцион ишларни олиб бориш, уюшган ва уюшмаган ёшлар гуруҳида ҳар бир шахснинг ўзига хос хусусиятларини ҳамда шахслараро муносабатлар билан боғлиқ психологик ҳолатларини таҳлил қилиш муҳим аҳамият касб этади. мия ва психика, психика ва онгнинг онтогенезда ривожланиши, шахс ва унинг фаоллиги, шахслараро муносабат, шахснинг билиш жараёнлари (диққат, сезги, идрок, хотира, тафаккур, хаёл, нутқ), шахснинг ҳиссий иродавий сифатлари, шахснинг индивидуал–психологик хусусиятлари (темперамент, характер, қоби-лиятлар) каби психологик хизмат фанининг қуйидаги вазифалари ижтимоий тушунчалар билан белгиланади ва баҳоланади.
Психологик хизмат фанининг вазифалари психологик хизмат фани фан сифатида шаклланиш учун етарли даражадаги илмий ва методологик асослар мавжудлигини инобатга олиб, қуйидагилардан иборат:
1.Мустақил равишда шахснинг ижтимоий тараққиёти учун муҳим бўлган илмий йўналишлар стратегиясини ишлаб чиқади.
2.Психологик хизмат ўзининг амалиётдаги “Низоми”ни ишлаб чиқади ва ушбу “Низом" талаблари асосида фаолият йўналишларини белгилайди.
3. Ҳуқуқ тартибот органларида психологик хизмат кўрсатиш тизими муайян даражадаги психодиагностик, психопрофилактик, психокоррекцион ишлар кўламининг сифат ва миқдор жиҳатдан юқори савияда олиб борилиши учун тегишли кўрсатмаларга эга бўлиши керак бўлади.
4.Психологик хизмат ҳуқуқ тартибот органлари тизимида фаолият юритиш учун маълум даражадаги билим, кўникма, тажриба ва малакаларнинг мавжудлигини таъминлайди.
5.Психологик хизмат фани фан истиқболларидан келиб чиқиб ўзининг илмий-амалий тадқиқот ва тарғибот манбаларини ҳар жиҳатдан шакллантириши лозим.
6.Психологик хизмат фани ҳуқуқ тартибот органларида инсон омилини тадқиқ қилувчи барча фанлар билан узвий боғланган ҳолда фанни янада ривожлантириш дастурларини яратиши ва шу дастурларни тизимли равишда кенг амалиётга қўллаш механизмини амалга оширади.
Психологик хизматнинг фанлар тизимида тутган ўрни
XXI асрда психологик хизмат фани ўзининг ниҳоятда долзарб назарий ва экспериментал муаммоларини тадқиқ қилиш услубини яратиш даврига киришди. Ҳозирги вақтда психологик хизмат фани ўзи ўрганадиган алоҳида предмети, ўзининг алоҳида вазифаларига, ўзининг махсус тадқиқот методларига эгадир.
Психологик хизмат фанининг илдизлари, энг аввало, табиатшунослик фанлари доирасида шаклланганлигини унутмаслик керак бўлади. Чунки табиатшунослик фанларидаги барча йирик кашфиётлар силсиласида инсоннинг тиббий-физиологик имкониятлари кўламига баҳо бермай туриб, унга тўлақонли психологик хизмат кўрсатиб бўлмайди.
Бу жараён XIX асрнинг иккинчи ярмида бошланган эди. Жумладан, эксперимент методининг (Г.Фехнер) психологияга жорий этилганлиги ва И.М.Сеченовнинг “Бош мия рефлекслари” китобининг босмадан чиққанлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бу китобда психик ҳодисалар ҳам худди одам организмининг бошқа барча функциялари каби табиий ҳодисалар эканлиги, улар сабабсиз юз бермасдан, балки асаб тизимининг рефлектор акс этиш фаолияти натижаси эканлиги кўрсатиб берилган эди.
Демак, юқорида қайд этилган табиатшунослик фанларининг муайян қонуниятлари (умумий биология, физиология, неврология, эволюцион таълимот ва бошқалар)ни билиш шу қонуниятлар асосида инсонга психологик хизмат кўрсатиш жараёнида муҳим аҳамият касб этади.
XXI аср замонавий техника билан иш қўрадиган инсон психикасига жуда катта талаблар қўймоқда.
Жумладан, жуда қиска вақт ичида ўта масъулиятли ечим (карор) лар қабул қилиш зарурати билан юз берадиган асабий-психик танглик шароитида (кўп жиҳатдан замонавий товушдан тез учар авиация учун, йирик энергетика тизимларининг диспетчер-операторлари иши учун хос бўлган вазиятларда ва ҳоказоларда) шахсда фаолиятни жиддий камчилик ва бузилишларга йўл қўймасдан амалга ошириш имконини берадиган айрим фазилатларнинг мавжудлиги ғоят муҳимдир.
Бу каби фазилатларнинг етишмаслиги эса жиддий тўқнашувларга олиб келади. Меҳнат фаолиятининг мураккаб турлари киши олдига қўяётган талаблари муносабати билан кишининг психологик имкониятларини ўрганиш бугунги психологик хизмат учун муҳим роль ўйнаётганлигини билдиради. «Инсон-машина» муаммосини ўрганиш билан шуғулланадиган инженерлик психологияси умуман меҳнат психологияси каби техниканинг кўпгина бўлимлари билан одам ва ЭҲМ нинг ўзаро муносабатига алоҳида эътибор қаратган ҳолда шахсга психологик хизмат кўрсатишнинг алоҳида йўналишлари белгиланади.
Эндиликда фан-техника тараққиётининг анча жадаллаштирилганлиги шароитида шахсни ҳар томонлама ривожлантириш вазифалари ва конкрет психологик тадқиқотларни ривожлантириши соҳасида бугунги эришилган ютуқлар ўқувчиларга таълим ва тарбия бериш жараёнида психологиянинг имкониялари ва унинг иштирокига янгича мазмун бахш этмокда. Илғор психологлар психология фани олдида турган вазифаларни аниқ ифодалаб бермоқдалар.
Психологик хизмат фанининг бошқа фанлар билан алоқадорлиги
Психологик хизмат бир томондан фалафа фанлари, иккинчи томондан табиий фанлар, учинчи томондан ижтимоий фанлар ўртасида жойлашган оралиқ мавқеига эга бўлган фандир. Унинг бу фанларга яқинлиги ва ҳатто улардан баъзилари билан биргаликда тадқиқ қиладиган соҳаларнинг мавжудлиги ҳам унинг мустақиллигига ҳеч бир путур етказа олмайди.
Психология ўзининг барча соҳаларида ўз тадқиқот предметини, ўз назарий тамойилларини сақлаб келмоқда. Фақат психология учун эмас, балки у билан турдош фанлар учун шу қадар аҳамиятга эга бўлган психологик муаммоларнинг кўп қирралиги психологик хизматнинг диққат марказида туради.
Ҳуқуқ тартибот органлари ходимларининг ижтимоий табиати, фаолияти ва ўзига хос фаоллиги турганлиги билан изоҳланади. Бугунги замонавий психология ўзига хос услубдаги кибернетикалашириш ва математика-лаштириш жараёнлари билан узвий боғланган. Аммо бу ҳар икки жараён ниҳоятда эҳтиёт бўлиб ёндошишни талаб этади. Бу ёндошиш объектив ва субъектив ҳодисаларни умумийлаштирувчи психиканинг ўзига хос хусусиятларини тушунишга таянади. Жумладан, кибернетика фани мураккаб ўзгарувчан тизимга эга бўлган оптимал бошқариш ҳақидаги фан бўлиб, у ўз табиатига кўра ниҳоятда тез ҳаракатланувчи ҳисоблаш машиналаридан тортиб то мураккаб сунъий интеллектгача барча ишларнинг асосида ётувчи бошқариш ва алоқанинг умумий тамойилларини ўрганади.
Психология ва кибернетика алоқалари қуйидаги вазифалар орқали амалга оширилади:
1.Бошқариш босқичларини белгилаш, жумладан, бошқарувчи қисмларини аниқлаш.
2.Бир тизимдаги алоқаларнинг иформацион жараёнларини бошқалари билан (тўғри ва тескари алоқа) кузатиб бориш.
3.Ҳаракатлар тартибини, яъни бошқарилувчи ва бошқарувчи системанинг ахборот ва командаларининг изчиллигини аниқлаш.
4.Бошқариш жараёнларини оптималлаштириш.
5.Ҳозирги замон фан ютуқарини ҳисобга олган ҳолда махсус психологик мақсадларга қаратилган нанотехнологиялар мавжуд имкониятларидан фойдаланиш.
Бугунги психологик хизматнинг меҳнат психологияси фани билан бевосита боғлиқлигини кузатиш мумкин. Унда киши меҳнат фаолиятининг психологик хусусиятларини, меҳнатни илмий асосда ташкил этиш (МИТ) нинг психологик жиҳатларини тадқиқ қилиш кўзда тутилади. Кишининг касбий хусусиятларини, меҳнат малакалари ривожланишининг қонуниятларини тадқиқ қилиш, ишлаб чиқаришдаги вазиятнинг, асбоб-ускуналар ва станокларнинг, бошқарув воситаларининг конструкциялари ва жойлаштирилиши ҳамда шу кабиларнинг меҳнат аҳлига таъсирини аниқлаш меҳнат психологиясининг вазифалари жумласига киради.
Меҳнат психологияси қатор бўлимларга эга бўлиб, бу бўлимлар гарчи бир-бири билан ва психологиянинг бошқа соҳалари билан бевосита боғланган бўлса ҳам, айни чоғда мустақил ҳисобланади. Жумладан, асосан автоматлаштирилган бошқарув тизимлари операторининг фаолиятини ўрганадиган, одам билан машина ўртасидаги вазифаларни тақсимлаш ва мувофиқлаштириш ҳамда шу каби бошқа муаммоларни ҳал этадиган инженерлик психологияси; кишининг учишни ўрганиш ва учиш жараёнидаги фаолиятининг психологик қонуниятларини тадқиқ қиладиган авиация психологияси; вазнсизлик ва бандликда аниқ мўлжал ола билмаслик шароитида, организмга жуда кўп ортиқча таассуротлар юкланган пайтда рўй берадиган асаб зўриқиши билан боғлиқ бўлган алоҳида ҳолатлар туғилганда киши фаолиятининг психологик хусусиятларини тадқиқ қиладиган космик психологик хизмат кўрсатиш соҳаси алоҳида ўрин тутади.
Тиббиёт психологияси врач фаолиятининг ва бемор хулқ атворининг психологик жиҳатларини ўрганади. У психик ҳодиса билан миядаги физиологик тузилишлар ўртасидаги нисбатни ўрганадиган нейтропсихологияга, доривор моддаларнинг кишининг психик фаолиятига таъсирини ўрганадиган психофармокологияга, беморни даволаш учун психик таъсир воситаларини ўрганувчи ва қўлланувчи психотерапияга, одамларнинг психик жиҳатдан саломатлигини таъминлаш чора-тадбирлари тизимини ишлаб чиқиш билан шуғулланувчи психопрофилактика ва психогигиенага бўлинади. Бу каби ҳолатлар инсонга тиббий психологик хизмат кўрсатиш билан боғлиқ вазифаларни бажаришга хизмат қилади.
Юридик психология ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимлари билан боғлиқ психологик масалаларни ўрганади. У жиноий жараён иштирокчилари хулқ-атворининг психик хусусиятларини (гувоҳлик кўрсатмаларининг психологияси, айбланувчи хулқ-атворининг хусусиятлари, терговга қўйиладиган психологик талаблар ва шу кабиларни) тадқиқ қилувчи суд психологиясига; жиноятчининг хулқ-атвори психологиясига бўлинади. Шахснинг шаклланишига доир психологик муаммолар, жиноятнинг мотивлари ва шу кабилар билан шуғулланувчи криминал психологияга; ахлоқ тузатиш меҳнат колониясида тарбияланаётганларнинг психологик ҳолатларини ўрганишга ва шу каби суд психологик экспертиза талаблари асосида шахсни талқин қилишга йўналтирилган жараёнларни тадқиқ қилади.
Спорт психологияси спортчилар шахси ва фаолиятининг психологик хусусиятларини ўрганади. Уларни психологик жиҳатдан тайёрлашнинг шартшароитлари ва воситаларини, спортчининг машқий чиниққанлиги ва сафарбарликка тайёрлигининг психологик мезонларини, мусобақаларни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ психологик омилларни ўрганади. Бу жараён спортчиларга психологик хизмат кўрсатишда муҳим аҳамият касб этади.
Ёш психологияси психик жараёнларнинг ёшга оид хусусиятларини, билимларни ўзлаштиришнинг ёшга боғлиқ имкониятларини, шахс камолотининг психологик омилларини тадқиқ қилади. Бу жараёнда психологик хизмат фани эса ақлий камолотнинг ишончли мезонларини қидириб топиш ва ўқитиш жараёнида ақлий ривожланиш самарадорлигига эришиш имконини берадиган шартшароитларни аниқлаш билан шуғулланади.
Шунингдек, психологик хизмат фани аномал (нотўғри) тараққиёт психологияси ёки «махсус психология» объекти бўлган, миядаги айрим касалликларнинг турли хилдаги кечиши жараёнида психиканинг тамомила издан чиқиши каби ҳолларни ўрганадиган патопсихологияга, психик ривожланишнинг миядаги туғма асоратлар билан боғлиқ патологияси туғрисидаги фан бўлган олигофренопсихологияга, қулоқ эшитишининг бутунлай кар бўлиб қолишга қадар жиддий камчиликлари бўлган болани вояга етказиш психологияси бўлмиш сурдопсихологияга, яхши кўрмайдиганлар ва кўзи ожизлар ривожланиши психологияси тифлопсихологияга ҳам асосланади.
Агар психологиянинг шахобчаларини шахс билан жамият ўртасидаги муносабатларнинг психологик жиҳатлари нуқтаи назаридан тасниф қилинадиган бўлса, у ҳолда психологик хизмат фанининг ижтимоий психология тушунчаси замирида бирлашадиган жиҳатларини яққол кузатиш мумкин. Қолаверса, ижтимоий психология одамларнинг турли хилдаги уюшган ва уюшмаган ижтимоий гуруҳлардаги ўзаро биргаликдаги ҳаракати жараёнида вужудга келадиган психик ҳодисаларни ўрганади. Жумладан, психологик хизмат жараёнида шахслараро муносабатларни тадқиқ қилишга қаратилган муаммоларнинг ўрганилиши қуйидаги 3 гуруҳга бўлинган ҳолда амалга оширилиши мумкин.
Демак, катта гуруҳларда (макромуҳитда)ги ижтимоий-психологик ҳодисаларга оммавий коммуникация воситаларининг одамларнинг турли хилдаги жамоаларига таъсир қилиш механизмлари ва самарадорлиги, умумий қабул қилинган анъаналар, расм-русмлар, сохта фикрлар, ижтимоий кайфиятларнинг тарқалиш қонуниятлари, синфлар ва миллатлар психологияси муаммолари, дин психологияси кабилар киради.
Кичик гуруҳлардаги ижтимоий, психологик ҳодисалар тор доира гуруҳлардаги психологик сиғишувчанлик, гуруҳлардаги шахслараро муносабат, гуруҳ вазияти, гуруҳда лидер ва етакчилар мавқеи, гуруҳ турлари (ассоциация, корпорация, жамоалар) муаммолари расмий ва норасмий гуруҳларнинг нисбати, кичик гуруҳларнинг миқдорий чегараланганлиги, гуруҳлар жипслиги даражаси ва сабаблари, гуруҳда кишиларнинг бир-бирини тушуна билиши, гуруҳдаги қадриятлар ва шу каби кўпгина масалалар киради.
Ҳуқуқ тартибот органларида ходимларига ижтимоий психологик хизмат қилиш муаммолари жумласига шахснинг бирор мақсад сари интилганлигини киритиш мумкин. Шахснинг ўзига-ўзи берадиган баҳони, кайфияти ва ўзини ҳурмат қилишини, шахснинг барқарорлиги ва панд-насиҳатга кўнишини, жамоатчилик ва шахсиятпарастликка муносабатини ўрганиш билан, шахснинг дастурларини, уларнинг ўзгарувчанлиги суръатларини, шахснинг келажаги борйўқлигини ўрганиш билан боғлиқ масалаларни киритиш мумкин.
Айни пайтда, ижтимоий психологик хизмат орқали бугунги шахсларнинг шахслараро муносабатларидаги ўрни, мавқеи ва ўзига хос психологик истиқболларига адекват баҳо бериш мумкин бўлади. Демак, психологик хизмат фани бугунги кунда нафақат ҳуқуқ тартибот органлари фаолиятида, балки барча ижтимоий, гуманитар, табиатшунослик ва аниқ фанлар билан узвий боғлиқ ҳолда ўз истиқболларини белгилайди.
Ҳуқуқ тартибот органларида психологик хизматни 3 нуқтаи назардан қараб чиқиш мумкин:
1) Илмий нуқтаи назар
2) Ташвиқот нуқтаи назар
3) Амалий нуқтаи назар
Фақат мана шу нуқтаи назарларнинг бирлигигина психологик хизмат предметини ташкил этади.
Илмий нуқтаи назар психологик хизматнинг методологик муаммоларини ишлаб чиқишни назарда тутади. Бу йўналиш ижрочиларининг асосий функцияси мактаб психологик хизматида ишнинг психодиагностик, психокоррекцион ва ривожлантирувчи методларини ишлаб чиқиш ва назарий асослашга бағишланган илмий тадқиқотларни ўтказишдан иборат.
Ташвиқот нуқтаи назари ҳуқуқ тартибот органлари ходимларининг психологик билимлардан фойдаланишни назарда тутади. Бу йўналишда асосий ҳаракатлантирувчи шахслар бўлиб, юристлар, терговчилар, адвокатларлар майдонга чиқади.
Хизматнинг амалий нуқтаи назарини соҳа психологлари амалга оширадилар, уларнинг вазифаси – у ёки бу аниқ вазифани ҳал қилиш учун юридик ҳодимлар, жабрланувчи, гумонланувчи, маҳбусларолалар билан иш олиб боришдан иборат.
Ҳозирги босқичда психологик хизмат фаолиятининг икки йўналиши: долзарб ва келажак йўналишлари мавжуд.
Долзарб йўналиш соҳадаги қийинчиликлар билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга қаратилган.
Келажак йўналиши ҳар бир шахс индивидуаллгини ривожлантиришга, жамиятда яратувчанлик ҳаётига психологик тайёрликни шакллантиришга қаратилган. Психолог юридик соҳа фаолиятига ҳар бир шахс гармоник ривожланиш имкониятлари ҳақида асосий психологик ғояни олиб киради. Икки йўналиш ҳам бир-бири билан боғлиқ.
Ҳуқуқ тартибот органларида психолог ўзининг инсон хулқ атвори ва психик фаолияти, психик тараққиётнинг қонуниятлари хақидаги касбий билимларига, уларнинг ўзаро муносабат хусусиятларига, тарбия жараёнини ташкил этишга боғлиқлигига таяниб, шахсга индивидуал ёндашув имкониятларини таъминлайди, унинг қобилиятларини аниқлайди, нормадан четлашишларнинг бўлиши мумкин бўлган сабабларини психологик коррекция қилиш йўлларини аниқлайди. Бу билан психологик хизмат ҳуқуқ тартибот органларида тарбия ишининг маҳсулдорлигини оширишга, ижодий фаол шахсни шакллантиришга имкон беради.
Психологик хизмат ходимлари барча муаммоларни ҳал қилишда шахсни ҳар томонлама ва гармоник ривожланиш вазифаларига ва унинг қизиқишларига таянадидлар. Ҳуқуқ тартибот органларида психологик хизмат ўз фаолиятида тиббий ва бошқа хизмат турлари билан, яқин алоқада иш олиб боради. Барча мутахассислар билан муносабат тенглик асосида ва фикрларнинг бир-бирини ўзаро тўлдириши асосида қурилади.
Ҳуқуқ тартибот органлари тизимидаги психологик хизматнинг мақсади – шахснинг ҳар томонлама гармоник камолоти, тўлақонли психологик тараққиётни таъминловчи қулай шарт-шароитлар яратишдан иборатдир.
Психологик хизматда тадқиқот ва таъсир ўтказиш объекти ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари, жиноятчи, жабрланувчи, маҳбуслар бўлиб ҳисобланади, уларни алоҳида ёки гуруҳий шаклда тадқиқ қилиш мумкин.
Ҳуқуқ тартибот органларида психологик хизматнинг мазмуни:
а) психопрофилактика,
б) психологик тарбия,
в) психодиагностика,
г) психик ривожланитириш ва психокоррекция,
д) психологик консультация.
Психологик хизмат методлари турли туман бўлиши мумкин:
а) илмий оммабоп адабиётларни яратиш ва уларни тарқатиш;
в) оммавий ахборот воситаларида чиқишлар;
г) психодиагностик тадқиқотлар ўтказиш, методикалар ишлаб чиқиш (тест савол варақаси, тажриба, кузатиш, суҳбат ва бошқалар);
д) психологик маслаҳат бериш;
е) пcихологик консилиумлар ўтказиш;
ж) таълим ва тарбия берувчи дастурлардан фойдаланиб психодрама, психокоррекцион тренингларни амалга ошириш;
з) психологик тадқиқот объектининг психологик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ўқув дастури, ўқув тарбия режаларини таҳлил қилиш ва ҳоказолар.
Ҳуқуқ тартибот органларида Психологик хизмат хақида Низом 6 бўлимдан иборат. Улар:
Умумий қоидалар.
Психопрофилактик ишлар.
Психодиагностик ишлар
Ривожлантирувчи ва коррекцион ишлар.
Психологнинг маслаҳат бериш ишлари.
Психологик хизмат ходимларининг масъулияти акс этган.
Умумий қоидалар қуйидаги бандларни ўз ичига олган.
Психологик хизмат ҳуқуқ тартибот органлари тизимининг муҳим таркибий қисми ҳисобланади.
Ҳуқуқ тартибот органларида психологик хизмат мутахассислари барча муаммоларни ҳал қилишда ҳар қайси шахснинг манфаати ва унинг ҳар томонлама гармоник ривожланишидан келиб чиққан ҳолда ёндашади.
Психологик хизмат мутахассислари ўз фаолиятиларини тиббиёт ходимлари, ҳуқуқ тартибот органлари, муҳофаза қилиш ташкилотлари, муайян комиссиялар, балоғатга етмаган ўсмирлар инспекцияси, жамоатчилик билан узвий алоқада амалга оширадилар.
Текст распознан автоматически из PDF и может содержать неточности.