ResearcherUz LogoResearcherUz
Посмотреть журнал

Прагматик стратегиялар танлови ва ўзаро мослашуви

Аннотация

Прагматик таҳлилда мазмуннинг ифодаланиш йўллари тадқиқи назарда тутилиши маълум. Бироқ ушбу мазмун луғавий ва синтактик тузилмаларнинг маълум контекстида қўлланишига асосланади


Полный PDF документ

Похожие статьи

Текст статьи

Прагматик стратегиялар танлови ва ўзаро мослашуви

Нуралиева Озода Норбоевна

Самарқанд давлат тиббиёт университети ўқитувчиси

Аннотация: Прагматик таҳлилда мазмуннинг ифодаланиш йўллари тадқиқи назарда тутилиши маълум. Бироқ ушбу мазмун луғавий ва синтактик тузилмаларнинг маълум контекстида қўлланишига асосланади.

Калит сўзлар: эксплицитлик, имплицитлик, импликатура, иллокутив, синтактик, лисоний.

ВЫБОР И ПЕРЕКРЕСТНАЯ АДАПТАЦИЯ ПРАГМАТИЧЕСКИХ

СТРАТЕГИЙ.

Аннотация: Известно, что прагматический анализ подразумевает исследование путей выражения содержания. Однако в основе этого содержания лежит не поиск словарных и синтаксических единиц в формальных показателях а их применение в определнном контексте речевых структур.

Ключевые слова: экспойт, имплицитность, импликатура, иллокутивный, синтаксический, лингвистика.

PRAGMATIC STRATEGY CHOICE AND INTEROPERABILITY

Abstract: in pragmatic analysis, it is known that the study of ways of expression of content is intended. However, this content is based on the use of lexical and syntactic units in certain context of colloquial structures, rather than being traced from formulaic displays.

Key Words: exploit, implicitness, implicatura, illoccutive, synaptic, linguistics.

Прагматика соҳасига оид адабиётларда стратегия тушунчаси тез–тез учраб туради. Прагматик стратегиялар, деганда тилдан маълум бир мақсадни рўёбга чиқариш учун фойдаланишга айтилади. Прагмалингвистлар қайд этганидек, “Тилдан фойдаланиш стратегияси маъно ҳосил қилишда эксплицитлик ва имплицитликнинг ўзаро кесишуви бўлиб, у гап ёки нутқий тузилмалар боғламида онгли ҳамда ихтиёрсиз равишда содир бўлади” Булар, масалан, нутқий импликатура, хушмуомилалик, киноя ва бошқа кўринишларда намоён бўлади. Стратегиялар ҳар қандай турдаги мулоқот контекстида ҳаракатга тушади ва турли прагматик мўлжал воқеланишида иштирок этади.

Хуллас, сўзловчи шахслар турли стратегия ёки риторик амалларни танлаётиб, нутқнинг мавжуд эҳтиёжни қондириш ва суҳбатнинг одоб доирасида кечишини таъминлашга мослаштириш режасини тузадилар. Бундан ташқари, улар ўз нутқий ҳатти–ҳаракатларининг суҳбатдошлари ҳатти–ҳаракатига муқобил бўлишини ҳоҳлайдилар

Прагматиканинг риторик ва шахслараро муносабат жиҳатларини ташкил қилувчи нутқий актлар, хушмуомилалик ва киноя каби ҳодисаларнинг стратегия танлови билан боғлиқ томонларини кўриб чиқишга ҳаракат қиламиз.

Прагматик таҳлилда мазмуннинг ифодаланиш йўллари тадқиқи назарда тутилиши маълум. Бироқ ушбу мазмун луғавий ва синтактик бирликларнинг формал кўрсаткичларидан изланмасдан, балки нутқий тузилмаларнинг маълум контекстида қўлланишига асосланади. Файласуф Ж.Остин ва унинг издоши Ж.Сёрль тузилмаларнинг бундай контекст билан боғланишда фаоллашувига нисбатан “нутқий акт” (speech act) тушунчасини қўллашни таклиф қилишган. Уларнинг талқинича, мантиқшунос ва тилшунослар тилдан фойдаланишнинг перформатив жиҳатини бироз бўлса-да унутадилар. Аслида эса оддийгина гапирмасдан, балки сўзлаш орқали бирон ҳаракат, вазифани бажарадилар

Нутқий актлар назарияси асосчиларининг таъбирича, гапни талаффуз қилаётган шахслар хабар бериш, сўраш, буюриш, илтимос қилиш, ваъда бериш каби ҳаракатларни бажарадилар. Натижада, “барча тилшунослик йўналишларида нутқий актлар масалалари ўзаро алоқа–аралашув жараёнининг маҳсули деб қаралди, нутқ ҳодисаси сифатида ажратилди, нутқ муаллифининг коммуникатив мақсадини ифодаловчи бирлик эканлиги таъкидланди ҳамда гап ва матннинг имплицит структураси сифатида ўрганилди”

Нутқий актларда мазмун тагмаъноли, яъни имплицит ифодаланишидан ташқари ошкора ифодага ҳам эга бўлиши мумкин. Масалан, I ask you to come to the University this affernoon тузилмасида илтимос мазмуни to ask перформатив феъли воситасида ошкора ифодаланмоқда. Аммо бу умумий ҳолат эмас. Кўпчиллик ҳолатларда худди шу нутқий акт мазмуни турли синтактик шакллар қўлланишида баён қилинади. Жумладан, Please, come to the University this affernoon гапи олдингисининг ўрнини боса олади. Ушбу шакл ҳатто кўпроқ табиий эшитилади ва турли мулоқот вазиятларида қўлланиши мумкин. Бундан, нутқий актлар одатда синтактик ҳамда семантик категориялар билан боғлиқ ва шу сабабли илтимос нутқий актини бажаришда биз турли синтактик қурилмаларга мурожаат қила оламиз . Масалан, қиёсланг:

1) Please show me your card;

2) Could you show me your card?

3) I’de like you to show me your card.

4) Илтимос, эртага ишга келинг;

5) Эртага ишга кела оласизми?

6) Эртага ишга келишингизни сўрайман.

Айни пайтда ягона бир феъл иштирокида тузилган синтактик тузилма турлича иллокутив мазмунни ифодалай олиши мумкин. Масалан, Ж.Вершурен шу ҳолатни изоҳлаш учун қуйидаги мисолларга мурожаат қилади

1) I am sorry that you could not come over last night;

2) I am sorry that you could not come over last night;

3) I like this plan;

4) I like your plan.

Келтирилган (1) ва (2) гаплар шаклан бир хил бўлса-да, лекин турли нутқий актларни воқелантиради: иккинчисида руҳий ҳолатга ишора қилиниб, кечирим сўраш акти бажарилса, биринчисида эса бундай ҳолат ифода топмайди. Шунингдек, учинчи тузилма фикр ёки хабарнинг оддий тасдиғи бўлса, тўртинчиси такаллуф (комплимент) мазмунига эга. Хуллас, тадқиқотчилар нутқий актларнинг таснифий белгиларини излаш ва сўзловчилар у ёки маълум бир мазмунни ифодалаш учун қандай восита, механизмлардан фойдаланишларини аниқлаш билан банд бўлиб келмоқдалар

И.П.Сусов қайд этганидек, ҳар бир гапнинг структураси икки қисмдан иборат, булардан бири пропозицияни кўрсатиш хизматини ўтаса, иккинчиси иллокутив куч ёки прагматик вазифага ишора қилади. Бажарилаётган вазифага феълнинг майл шакллари ҳамда перформатив феълдан ташқари, сўз тартиби, урғу, интонация кабилар ишора қилади. Бундан ташқари, иллокутив вазифа контекстдан келиб чиқиб аниқланиши мумкин. Масалан, рус тилидаги “Злая собака” ёзуви дарвозага осиб қўйилиши огоҳлантириш нутқий акти вазифасини бажаради (Сусов 2006: 80).

Немис олими К.Бах нутқий актларни феъл маъносидан келиб чиқиб таснифлаш таклифини беради. Ушбу таснифда сўзловчи ифодалаётган муносабатдан ташқари, тингловчининг муносабати ҳам инобатга олинади. Шу йўсинда нутқий актларнинг тўртта синфи ажратилади:

1) Констативлар (constatives): ушбу гуруҳга тасдиқ, дарак, эълон қилиш, розилик, инкор қилиш, таҳлил қилиш, эълон қилиш, розилик, инкор қилиш, тахмин қилиш каби мазмундаги нутқий актлар киради.

2) Директивлар (directives): ушбу гуруҳ маслаҳат, огоҳлантириш ялиниш, таъқиқлаш, ижозат бериш, илтимос, талаб қилиш, таклиф қилиш, огоҳлантириш мазмунига эга нутқий актларни қамраб олади.

3) Комиссивлар (comissives): ушбу гуруҳдан кафолат бериш, тавсия қилиш, ваъда қилиш, қасамёд қилиш, маслаҳат бериш, гаров боғлаш иллокутив кучини ифодаловчи нутқий актлар ўрин олади.

4) Эътироф этувчилар (acknowledgenents) кечирим сўраш, табриклаш, қутлаш, миннатдорчилик билдириш, розилик билдириш, тазия билдириш каби ҳаракатлар билан боғлиқ нутқий актлар ушбу гуруҳга киради

К.Бах ва бошқа тилшунослар таклиф қилишган таснифлар, сўзсиз, нутқий актлар назариясининг ривожида ўз ўрнига эга ва улар қатор тадқиқотларда синовдан ўтган. Аммо лисоний категориялар доимий равишда бири–иккинчиси билан боғлиқ ҳолда фаоллашади ва лисоний фаолият давомида бажариладиган нутқий ҳаракатларнинг кўлами кенг. Тавсия қилинган таснифлар эса учта мезонга асосланади. Булар руҳий ҳолат, вазиятга мослик ва иллокуция нуқтасидир. “Бошқа мезонларга таянилганида, - деб хулоса қилади Ж.Вершурен (масалан, сўзловчи ва тингловчи ўртасидаги муносабат, сўраш ва буюриш ўртасидаги фарқ кабилар) тасниф бошқача кўриниш олади”

Прагмалингвистика соҳасининг таниқли вакили Ж.Мей, нутқий актлар назариясининг гапдан юқори бирликлар тадқиқига (масалан, нутқий кластер) татбиқи қийин кечишини кузатаётиб, прагматик акт (pragmatic act) тушунчасини истеъмолга киритади ва унинг нутқий кластер ёки матн таҳлилида қўлланишини маъқуллайди. Прагматик акт микро– ва макро – нутқий актларидан ташкил топади. Бошқача айтганда, прагматик акт тушунчаси гап ва ундан юқори сатҳларда намоён бўладиган мазмун ҳақида маълумотга эга бўлишга имкон туғдиради.

Прагмалингвистлар, лисоний танлов ва унинг вазиятга мослиги масаласида фикр юритаётиб, лисоний воситалар танловини муқобиллигини таъминлашнинг учта йўли мавжудлигини қайд этадилар

Булардан биринчиси у ёки бу танловда мумкин бўлган пресуппозицияларга таянилади. Иккинчиси нутқий импликатура ҳолатида юзага келадиган танловни мувофиқлаштирувчи шарт–шароитларни ҳосил қилишдир. Учинчидан, нутқий акт фақат маълум вазиятларда ўринли эшитилиши инобатга олинади. Санаб ўтилган ҳолатларнинг барчасида макро нутқий актнинг лисоний, психологик ва маданий жиҳатдан сўзловчи шахс оламига мослиги ҳақида гапириш мумкин.

Ван Дейк бадиий асарни ўз мослашув шартларига эга бўлган нутқий акт сифатида қараш лозимлигини уқтирган эди У бадиий асарлар таркибида макро – ва микро – нутқий актларни ажратишни тавсия қилади. Макро–нутқий акт яхлит матн бўлса, микро–актлар, ўз навбатида, матн таркибидаги гап воситасида воқеланади. Маълумки, ахборот нафақат гап сатҳида, балки гапларнинг ўзаро боғланишида ҳосил бўладиган дискурс воситасида ҳам ифода топади. Чунки нутқий тузилмаларни ҳосил қилувчи тамойиллар айнан дискурс тузилишида фаоллашади. Макро нутқий актларининг ўзига хос нутқий ҳаракатлардан жамланиши умумий қоида эмас. Аксинча, улар нутқий актларнинг атроф– муҳитга мослашишини назорат қилиш билан боғлиқ ҳаракатларни четлаб ўта олмайди.

Қуйидаги диалогик матн Чингиз Айтматовнинг “Биринчи муаллим” номли қиссасидан олинган. Мактабда ўқитувчилик қилган Дуйшэн собиқ ўқувчиси Олтинойни Тошкентга кузатмоқда:

- Олтиной, менга қолса, сени бир зумга бўлса-да, ўз бағримдан чиқармаган бўлардим, - деди у.

- Лекин ўқишингга ҳалақит беришга ҳаққим йўқ.

Ахир ўзим ҳам унчалик саводли эмасман-ку.

Сен ўқишга борсанг, албатта яхши бўлади.

Эҳтимол ҳақиқий ўқитувчи бўлиб, болаларга сабоқ берарсан, ўшанда қадрдон мактабимизни эслаб роса куларсан ҳам.... Айтилган орзу–ниятларим илоҳим рўёбга чиқсин.

- Мана ҳозир жўнаб кетасан, - дейди Дуйшэн титроқ овозда, қўлимни сиқиб. – Бахтли бўл, Олтиной, энг муҳими ўқиш ва яна ўқиш буни унутма....

Мен бўлсам, бирон нима дейишга мажолим келмай, лол бўлиб қолган эдим. Дуйшэн: - Йиғлама, Олтиной, - дея кўзёшларимни артаётиб, иттифоқо, алланарса эсига тушиб қолди: - Ана у сен билан бирга эккан теракчаларни ўзим парвариш қиламан. Сен комил инсон бўлиб қайтиб келганингда улар ҳам бўй чўзиб, қанчалик чирой очганини кўриб, қувончга тўласан ҳали.

- Хайр, Олтиной! Хайр, қароғим! – қичқирди у.

- Хайр, қадрдон устоз! Хайр, меҳридарё муаллим!

Дуйшэн вагон билан ёнма–ён югуриб бораверди, кейин ортда қолиб кетди. Сўнг яна олға ташланди-ди:

- Олтин–ой! – деб ўкириб юборди.

Менга у худди эсига тушиб қолган аллақандай муҳим гапни, гарчи кеч бўлса-да, айта олмаганидан ўкиниб бақиргандек туюлди.

(Чингиз айтматов. Биринчи муаллим, 2014: 94).

Ушбу мисолда “таклиф қилиш”, “илтимос қилиш”, “сўраш”, “дарак бериш” каби нутқий актларни ошкора ифодаловчи перформатив феъл ёки бошқа грамматик шаклларни учратмаймиз. Ўқитувчи Дуйшэннинг мақсади битта: у ўқувчиси Олтинойга меҳр қўйган ва ўз меҳрини қандай изҳор қилишнинг йўлини қидирмоқда. Унинг нутқи тагмаъноли ва назарда тутилаётган прагматик мазмунни фақат контест орқали фаҳмлаш мумкин. Бу ерда контекст доирасига муҳокама қилинаётган мавзу, мулоқот вазияти, атрофдаги шарт–шароитлар киради. Мавзу ва олдинги ҳолатлар ҳақидаги пресуппозицияларга таянган ҳолда сўзловчининг асл мақсадидан келиб чиқадиган мазмун асар ўқувчисигача етиб боришини инобатга олиш лозим

- Раис! .... Ўзингиз биласиз, районимиз олдингилар сафида. Ўрнимизни бошқаларга берганимиз йўқ. Бермаймиз ҳам. Бу бизга ярашмайди. Давлатга гўшт топшириш режасини икки юз фоизга бажаришимиз шарт. Имкониятларимиз етарли. Ваъда бердим....

- Ўртоқ котиб, Ахир гўшт топшириш режасини бажариш учун барча молларни элтиб бердик. Энди улар йўқ!

Нима қиламиз?

- Раис! Гап қайтараяпсизми? Партия аъзосимиз – а?! лаббай деб жавоб бериш ўрнига чайналасиз? Бу нима дегани?!

- Ўзингизни босиб олинг, раис! Партия ва ҳукуматимизнинг оталарча ғамхўрлиги остида яшаяпмиз, ишлаяпмизми, биз ҳам шунга яраша жавоб беришимиз кераклигини наҳотки шундай онгли ва етакчи партия ходими тушунмаса?

- Тушунаман. Тушунаяпман.

(Жуманазар Бекназар. Қашқа йўрға, 2014: 41).

Бу ерда билвосита мулоқот стратегиясининг танлови суҳбат иштирокчиларнинг характери ва коммуникатив мақсадига мос эканлигининг гувоҳи бўламиз.

Райком секретори гўшт топшириш режасини икки юз фоизга бажариш имконияти мавжудлиги ҳақида гапираётиб (“Имкониятларимиз етарли”), фуқароларнинг уйларидаги отларни назарда тутмоқда. Бундан ташқари, у раисга берилган топшириқни бажаришни тўғридан–тўғри айтмасдан, унинг партия аъзоси эканлигини эслатмоқда. Фикр, мақсаднинг бундай билвосита ифодаланиши райком секретарининг таҳдидидан, бағритошлигидан хабар бериш воситасига айланган. Унинг зуғумидан қўрққан раис “Тушунаман. Тушунаяпман”, деб шивирласа-да, лекин бу отларни гўштга топширишга розилигидан дарак бермайди.

Адабиётлар

Bach K. Speech Acts and Pragmatics // Blackwell Guide to the Philosophy of Language, 2003. Onli

Green G. Pragmatics and Natural Language Understanding. – Hillside: Laurence Erlbaum Associates, 1989.

Haverkate H. Impositive Sentences in Spanish. – Amsterdam: John Benjamins, 1979. – 194 p.

Hickey L. The Pragmatics of Style. – L: Routledge, 1989.

Kuhn D.A. Developmental Model of Critical Thinking // Educational Researcher,

Stone J. Discourse Analysis. – Oxford: Blackwell Publishers, 2008.

Suszczynska M. Apologizing in English, Polish and Hungarian: Different Languages, Different Strategies // Journal of Pragmatics, 1999. vol. 31. – P. 1053-1065.

Tannen D. Analyzing Discourse: Text and Talk. – Washington: Georgetown University Press, 1982.

Trosborg A. Apology Strategies in Natives / Nonnatives // Journal of Pragmatics, 1987. vol. 11. – P. 147-167.

Van Dijk. Complex Semantic Information Processing // International

Текст распознан автоматически из PDF и может содержать неточности.