← Himoya eʼlonlariFalsafa doktori (PhD)

Марупова Мадина Хикматилоевнаинг фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

Умумий маълумотлар

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи)
“Сурункали лейкоз билан оғриган беморларда пародонт касалликларини комплекс даволаш усулларини такомиллаштириш” 14.00.21 – Стоматология (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам
B2024.1.PhD/Tib4310.
Илмий раҳбар
Зойиров Тулкин Эльназарович, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи
Самарқанд давлат тиббиёт университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами
Самарқанд давлат тиббиёт университети, DSc.06/2025.27.12.Tib.17.02.
Расмий оппонентлар
Назарова Нодира Шариповна, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Шукпаров Асылбек Баядилович, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот
MARA технологиялар университети (Малайзия)

Тадқиқотнинг мақсади

маҳаллий иммун ҳимоя, оғиз суюқлиги минерал гомеостази ва милк ости микробиоценози бузилишларини ҳисобга олган ҳолда сурункали лейкоз билан оғриган беморларда пародонт касалликларини комплекс даволаш усулларини такомиллаштиришдан иборат.

Тадқиқотнинг илмий янгилиги

илк бор сурункали лейкоз билан оғриган беморларда пародонт деструкциясининг оғирлиги гематологик касалликнинг шакли ва давомийлигига боғлиқлиги аниқланган: сурункали лимфолейкозда ва лейкоз давомийлиги 10 йилдан ортиқ бўлганда пародонтал чўнтаклар сурункали миелолейкоз ва 5 йилгача давомийликка нисбатан чуқурроқ, секретор IgA даражаси эса пастроқ бўлган;

оғиз бўшлиғи маҳаллий иммун ҳимоясининг (sIgA, лизоцим) сусайиши сурункали лейкоз давомийлиги ортган сари кучайиши ҳамда пародонтал чўнтаклар чуқурлашиши ва уларнинг «қизил комплекс» пародонтопатогенлари билан колонизацияланишига боғлиқлиги исботланган;

сурункали лейкоз билан оғриган беморларда оғиз суюқлиги Ca/P индексининг альвеоляр ўсимта остеорезорбциясининг ноинвазив маркери сифатидаги диагностик аҳамияти асосланган: индекснинг 0,30 дан пасайиши тишларнинг II–III даражали патологик қимирлаши хавфини кўрсатилган;

сурункали лейкоз билан оғриган беморларда пародонтитни комплекс даволашда натрий гиалуронати ва фотобиомодуляцияни бирга қўллаш маҳаллий иммун ҳимояни тиклаши, пародонтопатоген микрофлорани бостириши ва даволашга жавоб берган беморлар улушини 2 баравардан кўпроқ оширгани исботланган.

Тадқиқот натижаларини жорий қилиниши

Сурункали лейкоз билан оғриган беморларда пародонт касалликларини комплекс даволаш усулларини такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:

Биринчи илмий янгилик илк бор сурункали лейкоз билан оғриган беморларда пародонт деструкциясининг оғирлик даражаси гематологик касалликнинг шакли ва давомийлигига боғлиқлиги аниқланди. Жумладан, сурункали лимфолейкоз билан оғриган ҳамда касаллик давомийлиги 10 йилдан ортиқ бўлган беморларда пародонтал чўнтаклар чуқурлиги сурункали миелолейкоз ва касаллик давомийлиги 5 йилгача бўлган беморларга нисбатан юқори, секретор иммуноглобулин А (sIgA) даражаси эса паст эканлиги исботланди. Илмий янгиликнинг моҳияти. Стоматологик ва клиник-гематологик текширувлар асосида сурункали лейкознинг шакли ва давомийлиги билан пародонт тўқималаридаги деструктив ўзгаришлар ўртасидаги боғлиқлик аниқланди. Олинган натижалар асосида пародонт деструкцияси ривожланиши бўйича юқори хавф гуруҳига мансуб беморларни ажратиш мезонлари ишлаб чиқилди. Тадқиқот натижалари Самарқанд шаҳар стоматология поликлиникаси ва Хоразм вилояти болалар стоматология поликлиникаси амалиётига жорий этилди. Ижтимоий самарадорлиги: сурункали лейкознинг шакли ва давомийлигини ҳисобга олган ҳолда пародонт деструкцияси бўйича юқори хавф гуруҳига мансуб беморларни эрта аниқлаш имкони яратилди. Бу пародонтитнинг оғир шакллари ривожланишининг олдини олиш, деструктив асоратларни камайтириш ва гематологик беморларда тишларни сақлаб қолишга хизмат қилади. Иқтисодий самарадорлиги қуйидагилардан иборат: юқори хавф гуруҳига мансуб беморларни эрта аниқлаш натижасида тўрт сегментда пародонтитни хирургик даволаш ўрнига консерватив даволаш усулини қўллаш имкони яратилди. Бунда хирургик даволашнинг 3 200 000 сўмлик харажатлари ўрнига 1 200 000 сўмлик консерватив даволаш курси ўтказилиши ҳисобига ҳар бир бемор учун 2 000 000 сўм иқтисодий тежамкорликка эришилади. Хулоса: сурункали лейкознинг клиник шакли ва давомийлигини стоматологик текширув натижалари билан биргаликда баҳолаш пародонт деструкцияси хавфи юқори бўлган беморларни эрта аниқлаш, уларни диспансер кузатувига олиш ва ўз вақтида профилактик-даволаш чораларини белгилаш имконини беради.

Иккинчи илмий янгилик сурункали лейкоз билан оғриган беморларда оғиз бўшлиғи маҳаллий иммун ҳимоясининг асосий кўрсаткичлари — секретор иммуноглобулин А (sIgA) ва лизоцим миқдорининг пасайиши касаллик давомийлиги ортиши билан кучайиши, шунингдек, ушбу ўзгаришларнинг пародонтал чўнтаклар чуқурлашиши ва уларнинг «қизил комплекс» пародонтопатоген микроорганизмлари билан колонизацияланиши ўртасидаги боғлиқлиги исботланди. Илмий янгиликнинг моҳияти. Оғиз суюқлигидаги маҳаллий иммун ҳимоя кўрсаткичлари, пародонтал чўнтаклар чуқурлиги ва пародонтопатоген микрофлора таркиби ўртасидаги ўзаро боғлиқлик комплекс клиник-лаборатор тадқиқотлар асосида баҳоланди. Олинган натижалар сурункали лейкоз давомийлигини ва sIgA даражасини ҳисобга олган ҳолда беморларнинг стоматологик диспансер кузатуви даврийлигини индивидуал белгилаш имконини берди. Илмий янгиликнинг амалиётга татбиқ этилиши: тадқиқот натижалари Самарқанд шаҳар стоматология поликлиникаси ва Хоразм вилояти болалар стоматология поликлиникаси амалиётига жорий этилди. Ижтимоий самарадорлиги қуйидагилардан иборат: сурункали лейкоз билан оғриган беморларда маҳаллий иммун ҳимоя ҳолатини баҳолаш асосида стоматологик кўриклар даврийлигини индивидуаллаштириш, пародонт тўқималаридаги яллиғланиш жараёнларини эрта аниқлаш ва тишларнинг эрта йўқотилиши хавфини камайтириш имкони яратилди. Хусусан, сурункали лейкоз анамнези 10 йилдан ортиқ бўлган беморларда стоматологик кўриклар оралиғини қисқартириш тавсия этилди. Иқтисодий самарадорлиги қуйидагилардан иборат: лейкоз давомийлиги ва оғиз суюқлигидаги sIgA даражасини назорат қилиш орқали такрорий даволаш курсларига эҳтиёж сезадиган беморларни ўз вақтида аниқлаш имкони яратилди. Натижада такрорий даволашга муҳтож беморлар улуши 71,4 фоиздан 35,5 фоизгача камайиши ҳисобига, бир бемор учун 1 200 000 сўмлик даволаш курси қийматидан келиб чиқиб, 430 800 сўм иқтисодий тежамкорликка эришилади. Хулоса: сурункали лейкознинг давомийлиги ва оғиз суюқлигидаги sIgA миқдори маҳаллий иммун ҳимоянинг ҳолатини баҳолаш ҳамда беморларнинг стоматологик диспансер кузатуви даврийлигини белгилашда муҳим диагностик ва прогностик мезонлар ҳисобланади.

Учинчи илмий янгилик сурункали лейкоз билан оғриган беморларда оғиз суюқлигидаги кальций ва фосфор нисбати (Ca/P индекс) альвеоляр ўсимта суяк тўқимасидаги остеорезорбция жараёнларини баҳолашнинг ноинвазив диагностик маркери сифатида асосланди. Ca/P индексининг 0,30 дан паст бўлиши тишларнинг II–III даражали патологик қимирлаши ривожланиш хавфи билан боғлиқлиги аниқланди. Илмий янгиликнинг моҳияти. Оғиз суюқлигидаги кальций, фосфор ва магний миқдори ҳамда Ca/P индексини аниқлаш орқали альвеоляр ўсимта суяк тўқимасидаги метаболик ўзгаришларни баҳолашнинг ноинвазив усули ишлаб чиқилди. Олинган натижалар асосида Ca/P индексининг 0,30 дан паст бўлиши пародонт тўқималарида суяк резорбцияси ва тишларнинг патологик қимирлаши хавфини баҳолаш мезони сифатида тавсия этилди. Илмий янгиликнинг амалиётга татбиқ этилиши: тадқиқот натижалари Самарқанд шаҳар стоматология поликлиникаси ва Хоразм вилояти болалар стоматология поликлиникаси амалиётига жорий этилди. Ижтимоий самарадорлиги: оғиз суюқлигининг биокимёвий кўрсаткичларини текшириш орқали альвеоляр ўсимта суяк тўқимасидаги остеорезорбция жараёнларини эрта аниқлаш, беморларнинг пародонтологик ҳолатини динамик кузатиш ва даволаш чораларини ўз вақтида белгилаш имкони яратилди. Ушбу ёндашув такрорий рентгенологик текширувларга бўлган эҳтиёжни камайтиришга ҳамда тишларнинг патологик қимирлаши ва йўқотилишининг олдини олишга хизмат қилади. Иқтисодий самарадорлиги қуйидагилардан иборат: Ca/P индексини аниқлашга асосланган ноинвазив текширув усули (90 000 сўм) ва ўз вақтида ўтказилган даволаш чоралари натижасида II–III даражали патологик қимирловчи тишлар улуши 22,2 фоиздан 9,7 фоизгача камайди. Бу ҳар бир беморда ўртача 1,5 та тишни сақлаб қолиш имконини берди. Битта тишни олиб ташлангандан кейин тиклаш қиймати 1 500 000 сўмни ташкил этишини ҳисобга олганда, текширув харажатлари чегирилгандан сўнг ҳар бир бемор учун 2 160 000 сўм иқтисодий тежамкорликка эришилади. Хулоса: сурункали лейкоз билан оғриган беморларда оғиз суюқлигидаги Ca/P индексининг 0,30 дан паст бўлиши альвеоляр ўсимта суяк тўқимасидаги остеорезорбция ва тишларнинг патологик қимирлаши хавфини кўрсатувчи диагностик мезон сифатида баҳоланиб, эрта профилактик ва даволаш чораларини белгилаш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Тўртинчи илмий янгилик сурункали лейкоз билан оғриган беморларда сурункали генерализацияланган пародонтитни комплекс даволашда натрий гиалуронати асосидаги гель ва фотобиомодуляцияни биргаликда қўллашнинг маҳаллий иммун ҳимояни тиклаш, пародонтопатоген микрофлора фаоллигини сусайтириш ва даволаш самарадорлигини оширишдаги аҳамияти исботланди. Ушбу комплекс ёндашув стандарт терапияга нисбатан даволашга ижобий жавоб берган беморлар улушини 28,6 фоиздан 64,5 фоизгача ошириш имконини берди. Илмий янгиликнинг моҳияти. Сурункали лейкоз билан оғриган беморларда сурункали генерализацияланган пародонтитни даволашда натрий гиалуронати асосидаги гелни субгингивал ва аппликацион усулда қўллаш ҳамда тўрт сеанс фотобиомодуляцияни бирлаштирган комплекс терапия схемасининг клиник самарадорлиги баҳоланди. Олинган натижалар асосида маҳаллий иммун ҳимоя кўрсаткичларини тиклаш ва пародонтопатоген микрофлорани сусайтиришга қаратилган такомиллаштирилган даволаш алгоритми ишлаб чиқилди. Илмий янгиликнинг амалиётга татбиқ этилиши: таклиф этилган комплекс даволаш усули Самарқанд шаҳар стоматология поликлиникаси ва Хоразм вилояти болалар стоматология поликлиникаси амалиётига жорий этилди. Ижтимоий самарадорлиги: натрий гиалуронати асосидаги гель ва фотобиомодуляцияни биргаликда қўллаш пародонт тўқималаридаги яллиғланиш жараёнларини камайтириш, маҳаллий иммун ҳимояни тиклаш ва беморларнинг даволашга жавоб реакциясини яхшилаш имконини берди. Бу оғриқ ва функционал ноқулайликларни камайтириш, пародонт тўқималарининг клиник ҳолатини барқарорлаштириш ҳамда сурункали лейкоз билан оғриган беморларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга хизмат қилади. Иқтисодий самарадорлиги қуйидагилардан иборат: натрий гиалуронати асосидаги гель ва фотобиомодуляцияни ўз ичига олган комплекс даволаш курси қиймати 1 650 000 сўмни ташкил этиб, стандарт терапия (1 200 000 сўм) билан таққослаганда дастлабки харажатларни оширади. Бироқ даволаш самарадорлигининг ортиши ва такрорий курсларга эҳтиёжнинг камайиши ҳисобига ижобий натижага эришилган бир бемор учун сарфланадиган харажат 3 466 280 сўмни ташкил этиб, стандарт терапиядаги 7 191 610 сўмга нисбатан 3 725 330 сўм иқтисодий тежамкорликни таъминлайди. Хулоса: сурункали лейкоз билан оғриган беморларда сурункали генерализацияланган пародонтитни даволашга натрий гиалуронати асосидаги гель ва фотобиомодуляцияни киритиш стандарт терапияга нисбатан ижобий клиник натижаларга эришиш имкониятини оширади. Ушбу комплекс ёндашув маҳаллий иммун ҳимояни тиклаш, пародонтопатоген микрофлора фаоллигини сусайтириш ва даволаш самарадорлигини оширишга қаратилган индивидуаллаштирилган терапевтик алгоритмни шакллантириш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Manba: oak.uz — eʼlon №1001814. Eʼlon OAK rasmiy saytidan avtomatik olingan; himoya sanasi va joyi boʻyicha aniq maʼlumot uchun manbaga murojaat qiling.